Холдор Вулкан: другие произведения.

Пролетели дикие гуси мимо моего окна.Сборник стихов на узбекском языке.На кириллице

Журнал "Самиздат": [Регистрация] [Найти] [Рейтинги] [Обсуждения] [Новинки] [Обзоры] [Помощь]
Реклама:
Новинки на КНИГОМАН!


 Ваша оценка:

  Холдор Вулқон
   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси
  
  
   Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар
  
  
  
  (Ушбу шеърий китобимни меҳрибон онажоним Муҳтарамхон Мирзажалол қизининг порлоқ ҳотирасига бағишлайман)Х.В.
  
  
   Тасодифий учрашув
  
  
   Шамол, сени танидим, ишон,
   Бу сен, ўша далада эсган.
   Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
   Жазирама тафтини кесган.
  
   Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
   Соғиндими эл мени ростдан?
   Ёмон кўрма, олмагин малол,
   Сенга дардим айласам достон.
  
   Шалдирарми дарё кечуви,
   Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
   Ялтирарми дарёнинг суви,
   Қўрғонласа сукунатда ой?
  
   Чўчқахона ҳалиям борми?
   Шовулларми тераклар ҳамон?
   Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
   Одамларни соҳилга тамон?
  
   Балки булутларнинг тубида,
   Ой сийнаси қолар очилиб.
   Шаффоф шолипоя сувида,
   Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...
  
   Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
   Гигант эдим, уйга сиғмадим.
   Уммон орти, улкан шаҳарда,
   Шамол, сени таниб, йиғладим.
  
  
  
   25 апрел, 2014 йил.
   Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Нийят
  
  
   Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
   Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
   Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
   Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.
  
  
   Сокин увотларда бўзрайса фонар,
   Оқшом юлдузларни бирма бир ёқса.
   Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
   Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.
  
  
   Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
   Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
   Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
   Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.
  
  
   Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
   Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
   Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
   Ўз она юртингда, тонги далада.
  
  
  
   7-август, 2010 йил.
   Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Куз ёмғири
  
  
   Ўйланасан кузги кечада,
   Чеки борми дея фироқнинг.
   Эси оғар бўм -бўш кўчада,
   Маюс ўйга ботган чироқнинг.
  
   Тўлар сирли шивирга ҳаво,
   Руҳинг каби мусаффо, тоза.
   Наҳот севги айлади қазо,
   Ёмғир кимга очмоқда аза?..
  
   Осмонларга элагин тутар,
   Фонус ғамгин нурин элаклаб.
   Бўм -бўш шаҳар уйқуга кетар,
   Куз ёмғири қуяр челаклаб.
  
  
   27 май, 2014 йил.
   Тунги соат 10 дан 49 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Кузги қайин
  
   Хазонларни учирмоққа шай,
   Кузнинг ўйчан, латиф шамоли.
   Автоулов чумолихўрдай,
   Ишга шошган авом -чумоли.
  
   Чирпирайди етим япроқлар,
   Куз келтирди баргларга қирон.
   Хазон эмас, тилла титроқлар,
   Қўрқитади уларни бўрон.
  
   Ўйламайди бу ҳақда қайин,
   Кокилларин ёйиб насимга.
   Йўл бўйида шовуллаб майин,
   Қайта -қайта тушар расмга.
  
  
   27 октябр,2014 йил.
   Эрта билан соат 9 дан 1 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Қорли кеча ва ёруғ нийят
  
  
   Қоронғу зулматда қўнади сокин,
   Қорларнинг учқуни елкамга юзлаб.
   Наҳот -дейман - совуқ булутлар ҳоким,
   Осмондан юлдузлар тушмоқда музлаб?
  
  
   Бўронларда маҳзун мусиқа бордай,
   Боғлар қор қўйнида ётгандай ухлаб.
   Севаман - десайдинг, шивирлаб қордай,
   Совқотган қўлларинг иситсам кухлаб.
  
  
   Соямиз туташса, учқунлар тинмай,
   Тўзғиса, чирпираб тушса эланиб.
   Узоқ суҳбатлашсак, кетгимиз келмай,
   Фонус ёруғида қорга беланиб.
  
  
  
   20 октябр, 2014 йил.
   Кеч соат 5 дан 39 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ватан хаёли
  
  
   Пахтазорлар ортида қуёш,
   Ловуллайди уфқлар этаги.
   Туман чўкар далага ювош,
   Осмон тўла юлдуз кепаги.
  
   Кимсасизлик, сукунат ҳоким,
   Йўлда ким ҳам юрарди санқиб.
   Дов -дарахтлар ортидан сокин,
   Паришон ой чиққанда балқиб.
  
   Бирин кетин чироғин ёқар,
   Шуълаафшон дарчали уйлар.
   Дарёда сув ялтираб оқар,
   Ёлғиз, етим чирилдоқ куйлар.
  
   Бўйнин чўзиб марайди бузоқ,
   Пода хайдаб ўтади кимдир.
   Қуриллайди бақалар узоқ,
   Сомон йўли, юлдузлар жимдир.
  
   Гоҳо итлар қўяди хуриб,
   Ой термулар чавра, четанга.
   Ёлғизоёқ сўқмоқдан юриб,
   Қайтган маҳал шоир Ватанга.
  
  
  
   14/06/2016.
   Кеч соат 6:33.
   Канада.
  
  
   Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги
  
  
   Ёғар куз ёмғири майдалаб, эзиб,
   Ёмғирда ювилган ойнадай туйғу.
   Ҳиёбонда ёлғиз юрарман кезиб,
   Кўлмаклар кўзида исмсиз қайғу.
  
   Сув юзида ғамгин кумуш халқалар,
   Шивирлар қамишли соҳиллар лаби.
   Бир юпун мажнунтол ёлғиз чайқалар,
   Унсиз йиғлаётган паризод каби.
  
   Охир тамом бўлди ёмғир кўз ёши,
   Табиат йиғидан тўхтади, тинди.
   Ёмғирда ювилган соҳиллар тоши,
   Борлиққа мусаффо ҳаловат инди.
  
   Тортинчоқ ялонғоч боғлар бир ёнда,
   Ойнадек ялтирар боғлар йўлаги.
   Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
   Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.
  
  
  
   9 июль, 2011 йил.
   Тунги соат 2 дан 36 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши
  
  
   Ёмғирларда ялтирайди тош,
   Қарар ўйчан табиат ромдан.
   Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
   Кўзларингдан дувиллаб томган.
  
   Сен кетасан соябон қўлда,
   Олислайсан мисоли рўё.
   Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
   Чўккан каби кўзгуга гўё.
  
   Сенсиз энди юрак қийналар,
   Эриб борар изларингда қум.
   Сен кетасан, ғамгин ойналар,
   Одам каби йиғлайди юм - юм.
  
  
  
   31 июл, 2011 йил.
   Кундуз соат 1 дан 29 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
   Хазонларга кўмилди йўллар
  
  
   Ловуллаб ёнганча кузги гулханда,
   Гувиллар хаёли паришон боғлар.
   Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
   Телба гирватларга термулган чоғлар.
  
   Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
   Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
   Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
   Боғлар ечинаркан аёлга ўхшаб.
  
   Дарёнинг лабида қамишлар найи,
   Хазонга кўмилар йўлаклар, томлар,
   Кўча фонусига тираб манглайин,
   Йиғласа мўридай қорайган шомлар.
  
   Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
   Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
   Адашган йўловчи сингари дайдиб,
   Гоҳо тушларинга кираманми, айт?
  
  
  
   13 август, 2011 йил.
   Кундуз соат 3 дан 23 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
   Апрел
  
  
   Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
   Уфқларнинг гулхани сўнар.
   Эриган қор сувин сипқориб,
   Шом қушлари боғларга қўнар.
  
   Ҳилол кўкда порлар паришон,
   Кўрасан кўз илғамас жойни.
   Мен севаман, севаман, ишон,
   Апрель деган ёлғончи ойни.
  
   Биллур қандил сингари томдан,
   Сумалаклар тушар узилиб.
   Чакиллаган илиқ оқшомда,
   Эл уйқуси кетар бузилиб.
  
  
   1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри .
  
  
  
   Дўст
   (Ўзбекнинг энг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз хотирасига )
  
  
   Гуллар ернинг табассумлари ,
   ' Қайда ? ' - дея берма саволлар .
   Саф чекар дов дарахт лашкари,
   Эсар ёвуз, вахший шамоллар .
  
   Бошланаркан булут босқини,
   Шаррос қуяр шиддатли жала .
   Ариқларда сувлар тошқини,
   Кўринмайди ёмғирда дала.
  
   Куз келади сўнгра сездирмай,
   Сукунатда хазонлар рақси.
   Ботаргохда шом қушларининг,
   Муросасиз шовқини, бахси.
  
   Хувиллатиб борлиқни сўнгра,
   Қушлар кетар инларин ташлаб.
   Қолмагандай яшашдан маъно,
   Дўст кетгандай кўзингни ёшлаб.
  
  
  
   2003 йил , 27 ноябрь . Тунги соат
   9 дан 30 минут ўтди. Андижон .
  
  
   Шаҳар ёмғири
  
  
  
   Қулоқ тутдим ёмғир сасига,
   Ҳаво гиёх хидига тўлди.
   Булутларнинг увадасига,
   Чақмоқдан ўт кетмаса бўлди.
  
   Шодликларга тўлади юрак,
   Йўлга боқар мўлтайган чироқ.
   Қах -қах уриб кулар гулдурак,
   Ёмғир юм -юм йиғлайди бироқ.
  
   У яшнатар воҳаю чўлни,
   Новдаларга биллур тизилди.
   Босиб кетди машина йўлни,
   Йўл шўрликнинг жони узилди.
  
   Вақирлайди бақалар гўё,
   Ойналарда титрар итбалиқ.
   Ёмғир тиниб, ёришар дунё,
   Ярақлар дил кўзгуси тиниқ.
  
   Боқиб гуллар табассумига,
   Жилмаяр боғ ўйчан, соғ -омон.
   Осилганча хаёл думига,
   Учиб кетгим келар сен тамон.
  
  
  
   19 июнь, 2008 йил. Кеч соат 8 дан 56 минут ўтди.
   Торонто шаҳри. Канада.
  
  
   Синглим Анорага
  
  
   Руҳим ойдинларда дайдиган сувчи,
   Мен сени эслайман, кунда, кун ора.
   Жилмайиб, йиғловчи, йиғлаб, жилмайгувчи,
   Менинг ювошгина синглим, Анора.
  
   Субҳи содиқ маҳал тақирлатсалар,
   Томлар туникасин ёмғирлар чўқиб.
   Ўлтирарсан балки меҳробда саҳар,
   Сокин сукунатда номозинг ўқиб.
  
   Кўзингдан ёмғирдай тирқирамасин,
   Кўз ёшинг суюлган олмосдай оқиб.
   Овозсиз йиғласанг, ҳувиллаб ётган,
   Акангнинг кимсасиз уйига боқиб.
  
   Кўз ёшинг бебаҳо дур каби асра,
   Тинсин кузги сувлар сингари асаб.
   Майли ховлимизда заъфарон ҳасрат,
   Юрсин япроқлардан гербарий ясаб.
  
  
  
   6 август, 2010 йил.
   Кундуз соат 8 дан 4 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Юрт соғинчи
  
  
   Бир соат ичида дунё қариди,
   Ёш туриб сочларинг оқарди январь.
   Жилмаяр таҳайюл туманларида,
   Лаблари атиргул, сочлари анбар.
  
   Бобур ватангадо, Фурқатлар дайди,
   Навоий чет элда, қалқийди ашким.
   Кимлардир Ватанни севаман дейди,
   Ундайларга менинг келади рашким.
  
   Дарахтлар югирар тепаликларда,
   Оппоқ учқунларни тўзғитганда ел.
   Баҳор келди, музни ёриб чиқ! - дея,
   Яна бойчечакни алдайди апрель.
  
   Мен энди муштлашиб қовоқхонада,
   Ароққа чўкмайман ҳасратга тўлсам.
   Қанийди Ватанда, қорли далада,
   Гулханга термулиб жимгина ўлсам.
  
   Дайди шоир ўлди - дея одамлар,
   Кўмишса, устимдан тортишса тупроқ.
   Хонанга қамалиб, ёлғиз у дамлар,
   Сен ўзинг йиғлайсан ҳаммадан кўпроқ.
  
  
   1 декабрь, 2012 йил.
   Кундуз соат 2 дан 12 минут ўтди.
   Кембридж шаҳри, Канада.
  
  
   Чўлқувар
  
  
   Ёшлигимда чўлқувар эдим,
   Қувар эдим чўлларни ёмон.
   Чўллар мендан қўрқиб қочарди,
   Кулгим қистар эсласам ҳамон.
  
   Қувмай десам уйқу бермасди,
   Қуварликнинг муқаддас бурчи,
   Бўронда ҳам қувлайверардим,
   Кўзда қумнинг қалампир-мурчи.
  
   Билсам, бекор қувган эканман.
   Дарёларда қуриди сувлар.
   Қасос дунё экан бу дунё,
   Бугун энди чўл мени қувлар.
  
  
   1988 йил. Тошкент.
  
  
   Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари
  
  
   Ўйга ботган ёмғирли шаҳар,
   Эловрайман, озғин сўқирман.
   Кўр ёмғирга айланиб, саҳар,
   Деразангни тинмай, чўқирман.
  
   Кўзим оппоқ очилган пахта,
   Тергил уни жоним, этаклаб.
   Савоб бўлар эди пойтахтда,
   Мен сўқирни юрсанг етаклаб.
  
   Туманларда тентираб, дайдиб,
   Далаларда гулхан ёқарман.
   Балки бир кун ватанга қайтиб,
   Дорвозангни топиб, қоқарман.
  
   Пайпаслайман шаҳло кўзларинг,
   Титраётган лабларингни ҳам.
   Юзларимга босиб юзларинг,
   Шивирлайсан ёмғирдай, эркам.
  
   Қалбларга йўл топар рўзи шаб,
   Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари.
   Лаблар ёмғир каби чўлпиллаб,
   Бир -бирини топар ўзлари.
  
   Ёмғир йиғлар одамдай аста,
   Кўз ёшларин ҳеч кимса артмас...
   Бошқа топқир аъзолар ҳақда,
   Назаримда, ёзиш ҳам шартмас.
  
  
  
   25/06/2016.
   Кундуз соат 11 дан 12 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Севги ёди
  
  
   Ойдин дала сингари жойшаб,
   Сиртмоғидан бўшатилган соч.
   Сукунатли ёруғ тун -ой шаб,
   Қулар оппоқ нафис қалдирғоч...
  
   Ҳушбўй нафас, лаблар ёлқини,
   Ҳарир парда ортида фонус.
   Қаро денгиз сочинг тўлқини,
   Бир жуфт чўққи, оқарган конус.
  
   Ойдек тўлиб, термулардинг сен,
   Ипак сочинг шуъладай майин.
   У шуъла, у майинликни мен,
   Унутолмой ўтмоғим тайин.
  
   Балки ҳануз кутарсан, эсиз,
   Боролмайман энди у жойга.
   Қандай термулардик иккимиз,
   Шуълаларин таратган ойга.
  
   Гул бандидай бўйнинга сенинг,
   Чирмашмасин ҳижрон печаги.
   Қуриб қолма, ғариб севгимнинг,
   Қор остида қолган чечаги.
  
  
   22 апрель, 2014 йил.
   Кундуз соат 3 дан 55 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Баҳор оқшоми
  
  
   Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
   Сўнади уфқларда оташи сўзон.
   Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
   Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.
  
   Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
   Қалдирғоч ухлайди тумшуқлари лой.
   Кул билан ювилган идишдай гўё,
   Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.
  
  
  
   13 май, 2014 йил.
   Кундуз соат 10 дан 24 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Дарё
   (Одил Икромга)
  
  
   Хисор тоғларининг этакларида,
   Ёввойи ўт -ўлан одамни кўмар.
   Шудринг ярақлайди чечакларида,
   Ва ойдин сукунат ўйларга чўмар.
  
   Асқар бу дарёни соғинди қанча,
   Кимлар англамади, кимлар англади.
   Янги ой ярақлаб мисоли лангар,
   Шоир кўз ёшига чўкиб занглади.
  
   Боғлар шовуллади шаршарамисол,
   Дарё балиқларнинг унсиз кўз ёши.
   Помир тизмалари, ҳайбатли Хисор,
   Шоир мозорининг ёдгорлик тоши.
  
   Чор тараф тоғу тош, чор тараф харсанг,
   У ёнда Исфара, нарёғи Водил.
   Ойдин соҳилларни соғиниб борсанг,
   Танирмикан сени шамоллар, Одил?
  
   Нечун Кофарниҳон дарёнинг номи?
   Нечун у тошларга бош уриб, қақшар?
   Чўкар далаларнинг ҳасратли шоми,
   Чигирткалар оҳин тингларми Асқар?
  
  
  
   25 январ, 2014 йил.
   Кундуз соат 2 дан 3 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Усмон Азимга
  
  
   О баҳор оқшоми сен нечун жимсан?
   Нечун термуласан порлаган ойга?
   Сенчи, эй Пингвин қоматли кимса,
   Ҳей разил мавжудод, борарсан қайга?!..
  
   Қизғалдоқ сингари лойпахса томлар,
   Қирғоғида ўсдим, томга сиғмадим -
   Дея кўз ёш каби илиқ оқшомлар,
   Баҳорга қўшилиб унсиз йиғладим.
  
   Қумга ботиб кетди бўғзигача тан,
   Кўзим - сувга тўлган денгиз ўзани.
   Сувсизликдан лаби қақраган Ватан,
   Кўзларимга ботир кўзани!..
  
  
  
   30 январ, 2013 йил.
   Кундуз соат 10 дан 51 минут ўтди.
   Кембридж шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
   Подачи
  
  
   Дайдиб юрган эдим, боғларда бадар,
   Куз сочиб юборди чумчуқларини.
   Улар учиб кетди шошиб, қайгадир,
   Шамолларда қайраб тумшуқларини.
  
   Ҳаво, хўмрайишдан мудом тўйганман,
   Ёввойи одамдай қовоғинг уйма.
   Йўқ, йўқ, керак эмас, ичмай қўйганман,
   Ёмғир, менга қуйма.
  
   Мен кузги йўлларда подачи каби,
   Кўзларимни қўйдек боқиб, яшайман.
   Ишим жуда оғир, чарчаб асабий,
   Фақат ярим тунда ишдан бўшайман.
  
   Куз хазон рақсига чорлайди кимни?
   Гувиллаган маҳал ялонғоч терак.
   Терак шохидаги қорайган инни,
   Қушлар эслаб, гоҳо соғинса керак.
  
  
  
   26 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 4 дан 14 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Дайди
  
  
   Оқшом, кўзим ковакларига,
   Изтиробнинг қуши ин қурар.
   Кўз илғамас зулмат қаърида,
   Юк ташувчи поезд чинқирар.
  
   Юлдузлар жим йиғлар чамаси,
   Дарахт ҳайрон кўкка аланглар.
   Сузар улкан хаёл кемаси,
   Ой лангари соҳилда занглар.
  
   Сағир севгим сиғмаган Дунда,
   Шеърлар битса арзийди юзлаб -
   Деб дайдидим аёзли тунда,
   Кўз ёшларим қолгунча музлаб.
  
  
   2008 йил, куз.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Олис оқшомлар
  
  
   Шом қушлари сайрайди толда,
   Балки эшик турар очилиб.
   Ғамгин шуъла тўшалган полда,
   Китобларим ётар сочилиб.
  
   Кулбаларда чироқ ёқарлар,
   Пахтазор жим сукутга чўмар.
   Юм - юм йиғлаб искабтопарлар,
   Шом ҳасратин соҳилга кўмар.
  
   Юлғун ўсган жарлар узра жим,
   Аста секин кўтарилар ой.
   Ёришади менинг лабларим,
   Лабларинга муҳр босган жой.
  
   Идиш ювиб ариқ бўйида,
   У дамларни эсласанг гоҳи,
   Чигирткадай гулзор қўйнида,
   Чириллайди севги арвохи.
  
  
  
   9 апрель, 2011 йил.
   Кундуз соат 3 дан 35 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Кимсасиз йўлларда
  
  
   Сувга чўкиб кетди булутлар,
   Кўриб кузги гуллар ибосин.
   Қирғоқларда тераклар, тутлар,
   Сув оқизар боғлар либосин.
  
   Гала гала қушлар нарида,
   Шиддат билан учар қайгадир.
   Балки дарё соҳилларида,
   Шоли пишиб ётган жойгадир?
  
   Кўприк узра соҳибжамол қиз,
   Термулади сувга, ариққа.
   Кезар маъюс, ўйчан қари куз,
   Сочларини бўяб сариққа.
  
  
   26 август, 2010 йил.
   Кундуз соат 10 дан 58 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Зулматларда учқунлайди қор
  
   Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
   Қўлидаги ўқилмаган хат.
   Кимсасизлик, сукунат балки,
   Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.
  
   Мен бўлсам,
   Кузги далаларда, тунги зулматда
   Ёлғиз увлаётган қора шамолман.
  
   Сен пастак дераза ёнида,
   Қировли гулзорда булбулни кутиб,
   Музлаб қолган атиргулмисан?
  
   Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
   Ёруғ ойналарга талпинаётган
   Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..
  
   Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
   Сочлари қувв оқарди қишнинг?
  
  
  
   20 август, 2012 йил.
   Кундуз соат 3 дан 20 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Юрак
  
  
   Шовқинлардан чарчаб ухлайди шаҳар,
   Чақмоқлар ухлайди, ухлар гулдирак.
   Лекин сен таътилсиз ҳар шому саҳар,
   Тинимсиз ишлайсан кўксимда, юрак.
  
   Мана эллик йилки, доим биргамиз,
   Сен билан туғилдим, сен билан ўсдим.
   Бундай ўйлаб кўрсам мудом, то хануз,
   Сен ўзинг экансан ишончли дўстим.
  
   Сени кўп азоблаб, қийнадим, бу чин,
   Эй шоир юрагим, сен мени кечир!
   Соқий бўлиб, суниб, соғлигим учун,
   Вужудимга қизил қонимдан ичир.
  
   Гоҳо қаср бўлдинг, гоҳида зиндон,
   Сени енгломади, ғариблик, ғурбат.
   Эй, Холдор Вулқоннинг олисда пинҳон,
   Муҳаббати дафн этилган турбат!
  
  
  
   14 август, 2011 йил.
   Кундуз соат 2 дан 35 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада. Рамозони шариф.
  
  
   Соҳилларни соғинган кўнгил
  
  
   Тўрғай бўлсам тонги далада,
   Чуғурлардим муаллақ сайраб.
   Қарар эдинг қувнаб янада,
   Кўзга кафтинг соябон айлаб.
  
   Типратикон бўлсам, бутунлай,
   Мен Ватандан кетмасдим бадар.
   Ой ёритган ховлингда тинмай,
   Чопар эдим то тонга қадар.
  
   Муҳаббатнинг рубоби синди,
   Шамол бўлиб йиғлади қувғин.
   Биз учрашган далада энди,
   Ғувиллайди қоп - қора юлғун.
  
   Дов дарахтни кеч куз қаритган,
   Боғларда бор ҳаё ва шарм.
   Соҳилларни ғамгин ёритган,
   Ой кўнглимиз сингари ярим.
  
  
  
   19 июнь, 2011 йил, якшанба.
   Кундаз соат 10 дан 57 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Биринчи қор
  
  
   Оппоқ қор қоплагач далалар рохин,
   Анграйганча тилдан қолибди боғлар.
   Қор юки эгибди дарахтлар шохин,
   Қахрли қағиллар туманда зоғлар.
  
   Бақирмай секинроқ қағилласа ҳам,
   Эшитаман ахир, эмасман гаранг.
   Қоркўчки қўзғолар йўталса одам,
   Қор турар дарахтлар шохида аранг.
  
   Дарахтлар кийинган, олифта, кибор,
   Оппоқ қорпўстини терсми ё ўнги?
   Бу оппоқ таҳайюр, бу мусаффо қор,
   Кимгадир биринчи, кимгадир сўнги...
  
   Қор босган далалар бесадо, бесас,
   Ҳеч ким ҳалал бермас хаёллар сурсанг.
   Йўловчи жилмайиб қўяр, ранжимас,
   Қулочкашлаб туриб, қор билан урсанг.
  
  
  
   9 январ, 2013 йил.
   Тунги соат 8 дан 17 дақиқа ўтди.
   Кембридж шаҳри, Канада.
  
  
   Дон Миллс
  
  
   Қуёшни ҳайбатли гулханда ёққан,
   Ботаргох қонталаш жарохат каби.
   Сувлари ялтираб, лапанглаб оққан,
   Бир азим дарёнинг қақрайди лаби.
  
   Қийиллаб учгувчи қушларнинг лекин,
   Шовқин - суронига мухтож эмас ул.
   Бу дарё сувида оқади сокин,
   Булбул тушларига кирган атиргул.
  
   Кечувлардан ўтмас сигирлар мораб,
   Тўлқинлари туя, тубсиз, ўзансиз.
   Шундай дарёлар ҳам бўларкан, ё Раб,
   Ойдин тўқайларсиз, Тулки, Кўзансиз.
  
   Бўйнига энг оғир тошларни боғлаб,
   Ғарқ бўлгиси келар ҳар кимнинг, ахир.
   Ғарқ бўлган чоғимда кўксимни доғлаб,
   Қуриб қолма, Шопен деб аталган наҳр!
  
   Дон Миллс паркларида кезсам ҳайнаҳой,
   Минмайман шайтоннинг аробасини.
   Ўрмонлар ортидан кўтарилган ой,
   Ёритар кўнглимнинг харобасини.
  
  
  
   25 июнь, 2011 йил.
   Тунги соат 10 дан 40 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Хирмонларни ёритганда ой
  
  
   Куз хазонрез боғларни қучган,
   Етим каби ёлғиз ўйнар ел.
   Қўл силкитар жанубга учган,
   Турналарнинг карвонига эл.
  
   Шамолларда шовуллаб ётар,
   Маслахат деб аталган қишлоқ.
   Қуёш тоғлар ортига ботар,
   Шом шамоллар шаштига муштоқ.
  
   Шоли ғарам устида ётиб,
   Тинглайверсанг, кимдир гапирса.
   Курак билан шамолга отиб,
   Ойдинда эл шоли шопирса.
  
   Қурилласа маюс бақалар,
   Тулки юрса тимирскаланиб.
   Чопса ёлғиз дарё ёқалаб,
   Искабтопарларга таланиб.
  
   Куйганёрдан чинқириб ўтса,
   Темир йўлнинг пўлат самани.
   Соҳилларда чарақлаб ётса,
   Чироқларнинг олмос чамани.
  
  
  
   26 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 10 дан 9 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Омонат япроқлар
  
  
   Гоҳо ортда қолдим, гоҳида ўзиб,
   Гўё бу йўлларнинг йўқдай адоғи.
   Гулзорлардан нафис бўйнини чўзиб,
   Менга талпинарди гуллар дудоғи.
  
   Бугун бужмайибди, қурибди гуллар,
   Гўё чаманларга теккандай қарғиш.
   Дарахтлар мунғайган қадрсиз қуллар,
   Шохлари ялонғоч, барглари сарғиш.
  
   Чинор ёзган экан фаррошга хатни,
   Четларига битиб хасратли хокку.
   Фаррош у мактубни гулханга отди,
   Энди оҳ чекмайди олисда какку.
  
   Дарахт қир учида омонат зоғлар,
   Сукунатга тўлар осмон қозони.
   Секинроқ юраман мен бундай чоғлар,
   Тўкилмасин дея боғлар хазони.
  
  
  
   15 октябр, 2014 йил.
   Кеч соат 7 дан 57 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Кузги шамолларда хазонлар рақси
   (Абулқосимга)
  
  
   Гуриллар қушларнинг телба галаси,
   Осмонни тўлдириб учар турналар.
   Хувиллайди бўм бўш фермер даласи,
   Зомин тоғларида туман ўрмалар.
  
   Балки эл жанубга кузатади жим,
   Турналарнинг кулранг галаларини.
   Оппоқ қор қоплайди ҳадемай, дўстим,
   Ўзбекнинг қадимий далаларини.
  
   Қуюқ туман аро бир ўзинг юрсанг,
   Кузги ўтлоқларни қиров босган пайт,
   Кимсасиз далаю даштларни кўрсанг,
   Сизларни бир шоир соғинди -деб айт.
  
  
  
   18 октябр, 2014 йил.
   Кечки 5 дан 15 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ойдин кеча
  
   Соч соқоли оппоқ рассом,
   Қорли фасл шомида.
   Чизганларинг, эй Пикассом,
   Ойналарнинг ромида.
  
   Олисларда порлаётган,
   Чироқларга боқаман.
   Соғинч бўлиб чорлаётган,
   Шуълаларда оқаман.
  
   Ҳадемай қир, йўл нарида,
   Бойчечак сув ёқалар.
   Хасрат тўла шом қаърида,
   Қуриллайди бақалар.
  
  
  
   29 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 4 дан 20 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Товуш
  
  
   Ёмғир ёғар тунги йўлларни ювиб,
   Ёғду ёғаётган ёмғирнинг ёғи.
   Шамол қанотлари шалоббо ивиб,
   Учолмай қайдадир ётибди чоғи.
  
   Бораман, туманли шомларда кутгил,
   Қорайганда куннинг оппоқ бўзлари.
   Йўлларимга боқиб, мунграйса буткул,
   Пастак деразангнинг хорғин кўзлари.
  
   Фонус ёруғида ёмғирли йўлак,
   Кўлмаклар жимирлаб ўйларга ботар.
   Сен ҳам ёмғирларга термулсанг керак,
   Хиёбон руҳимдай хувиллаб ётар.
  
   Кимсасиз йўллардан одимлайман жим,
   Сукунат туманга сингиган они.
   Эшитдим жимликда, аниқ эшитдим,
   Чирт этиб япроқнинг узилди жони.
  
  
  
   28 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 9 дан 33 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Гул ҳаёси
  
  
   Тентираб, бекорчи, безори шамол,
   Хазонга тўлдирди гулзор қўйнини.
   Кўриб раҳмим келди нафис, бемажол,
   Кузги атиргулнинг нозик бўйнини.
  
   Гул бошини эгиб, тикони ботган,
   Четанли чаврага турар суяниб.
   Кийимларин ечиб, гулханга отган,
   Телба дарахтлардан уялиб.
  
  
  
   28 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 3 дан 21 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Қор
  
  
   Япроқсиз дарахтдан гуррос юксалиб,
   Қушлар ушоқ кўрса, ховлига шўнғир.
   Симлар ғижжагини шамоллар чалиб,
   Қор босган ўт -ўлан совуқда тўнғир.
  
   Дехқон изларини ёпади қорлар,
   Куз кетар шошилиб, ишлари чала.
   Бутазор шамолда ғувиллаб, чорлар,
   Қорли тундрага ўхшайди дала.
  
   Булут ухлар эди дарахт учида,
   Ёстиғини шамол йиртдими, нетди?
   Ёстиқдан сочилган парқу ичида,
   Дов -дарахт, далалар кўринмай кетди.
  
  
  
   28 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 2 дан 12 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Осуда жимлик
  
  
   Куз келибди билдирмай, аста,
   Хазонларни авайлаб, эзмай.
   Қушлар галасининг бир пасда,
   Кетганини қолибмиз сезмай.
  
   Миқ этмайди, хаёлга ботган,
   Менга маълум унинг кимлиги.
   Дарахтзорда беркиниб ётган,
   Бу осуда кузнинг жимлиги.
  
   Яхшиямки ҳеч ким йўқ экан,
   Борганимда дарахт кесгани.
   Шошилишда кетаверибман,
   Пуфайкамни кийиб тескари.
  
  
  
   26 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 1 дан 50 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ғафлат
  
  
   Куз ҳушбўй бехилар хидига тўла,
   Узуму анорлар илинган омбор.
   Хазонлар рақсига термулиб, сўра:
   -Ўйларга ботган бу жимликда ким бор?!
  
  
   Боғда ивирсиган бу шамол банги,
   Куппа кундуз куни, қаранглар, нетди.
   Кузнинг хазонлардан тўқилган янги,
   Чўғдек гиламини ўғирлаб кетди!
  
  
  
   27 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 11 дан 5 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
  
   Ландавур дарахт
  
  
   Дарахт шохларини силкитган эди,
   Қахрабо барглари тўкилди ерга.
   Фаррошнинг сўкиниб айтганин энди,
   Айб бўлар дейман, киритсак шеърга?
  
   Фаррош қўлларини кухлаб, исиниб,
   Хазонларни тўплаб, оловда ёқди.
   Сўнг ўйчан тутатиб тамакисини,
   Чекканча хўмрайиб гулханга боқди.
  
   Қир! қир! -деявериб қирилиб кетди,
   Турналарнинг узун найдай томоғи.
   Куз йиғлаб уларга қўлин силкитди,
   Кўйлагида юзлаб хазон ямоғи.
  
  
  
   27 октябр, 2014 йил.
   Кеч соат 7 дан 44 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Кузги ўрмонларда осуда жимлик
  
  
   Қандай яшнар эди дала туз,
   Шовқин солиб ёққан жалада.
   Энди кезар бу жойларда куз,
   Шолғом ковлар дехқон далада.
  
   Қуш галаси дея ўйлабман,
   Учиб ўтса ғариб хазонлар.
   Мен уларга қараб тўймабман,
   Чирпиратса телба тўзонлар.
  
   Дарчаларга босганича юз,
   Япроқларин тўкар қайинлар.
   Яна қайтиб келинглар деб куз,
   Турналарга қаттиқ тайинлар.
  
  
  
   27 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 12 дан 22 дақиқа ўтди.
   Бремптон шаҳри, Канада.
  
  
   Қор қувончи
  
  
   Гуппа гуппа ёғаверди қор,
   Томлар оппоқ, оқарди ерлар.
   Оқ варақдай кўчаю девор,
   Қорга ёзгинг келади шеърлар.
  
   Қорбўронда туртиниб, тойиб,
   Йўлда одам танимас дўстин.
   Қорбободай боғлар букчайиб,
   Кийиб олган қалин қорпўстин.
  
   Ғувиллайди қорли далада,
   Чўкиртаклар бўғзигача қор.
   Дарчадаги чироқ панадан,
   Қорли йўлга боқар интизор.
  
   Ғижирлайди қордаги қадам,
   Қор остида қолибди йўлак.
   Қорга қараб тўймайди одам,
   Ҳамма хурсанд, фаррошдан бўлак.
  
  
  
   25 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 11 дан 54 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ўрмонларга туташди йўлим
  
  
   Гувиллайди донишманд терак,
   У Маккага бормаган хожи.
   Унга амал, мансаб не керак,
   Хазонлардан тилларанг тожи.
  
   Йўл четида рақсга тушар,
   Нозиккина навниҳол қайин.
   Япроқлари чирпираб учар,
   Шамолларда чайқалган сайин.
  
   Касод бўлди қушлар бозори,
   Сармояси таланди, синди.
   Гирватларга соврилди бори,
   Куз инқироз отига минди.
  
   Туманларда хаёлга толган,
   Ўрмонларга туташди йўлим.
   Бўронларда япроқсиз қолган,
   Новдаларга ўхшайди қўлим.
  
  
  
  
   25 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 3 дан 54 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Чўтал
  
  
   Қўлларида "қирол", "дама", "туз",
   Дов -дарахтлар ўйнайди қарта.
   Қимор ўйнаб, тўймайди бу куз,
   Ютқазса ҳам бир неча марта.
  
   Сарғайтирди дарахтни ҳасрат,
   Ишонмайди айтсанг бировга,
   Баргларини авайлаб, асраб,
   Боғлар тикди довга, гаровга.
  
   Шамол тинмай чийлайди қарта,
   Керак эмас ишора -йўтал.
   Фаррош келар кунда бир марта,
   Олмоқ учун боғлардан чўтал.
  
  
  
   25 октябр,2014 йил.
   Кундуз соат 3 дан 10 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ховуз
  
  
   Ойдин осмон ғазна сингари очиқ,
   Ой ойдин ховузга отилган чақа.
   Ховузда кўзагул ғунчаси ёпиқ,
   Ўлтирар зангори япроқда бақа.
  
   Юлдузлар бақадан қўрқади ёмон,
   Олов совуқ сувдан қўрққандай худди.
   Тилини узатиб осмонлар тамон,
   Бақа бир юлдузни шилт этиб ютди.
  
   Сўнг яна бирини, кейин бошқасин,
   Ютаверди олмос чивиндай тутиб.
   Тўлин ой беркинди чиқармай сасин,
   Қўрқиб, нафасини ичига ютиб.
  
   Чирилдоқ нега жим, қаёққа қочди?
   Донг қотиб ухлайди уйқучи кундуз.
   Ховузда кўзагул ғунчасин очди.
   Осмонда битта ҳам қолмади юлдуз.
  
  
  
   12 март, 2014 йил.
   Кундуз соат 2 дан 25 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Хазон кабоб
  
  
   Боғлар кузги гулханда ёнар,
   Ўт кетмаса бўлди хашакка.
   Дарахтларнинг оёғи толар,
   Ётолмайди тилло тўшакка.
  
   Қуюқлашган тонги туманда,
   Кимдир кезиб юрар, йўталар.
   Ва туманли дала тамонда,
   Ғувиллайди кузги буталар.
  
   Ҳаво бироз қовоғин уйган,
   Лек жаранглар кузнинг рубоби.
   Гулханларда бужмайиб, куйган,
   Сурх новдада хазон кабоби.
  
  
  
   21 октябр, 2014 йил.
   Эрта билар соат 9 дан 8 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Гувиллайди руҳим бўрони
  
  
   Кузги осмон, мезонлар учар,
   Гувиллайди руҳим бўрони.
   Кулранг кузги осмонни қучар,
   Турналарнинг шовқин сурони.
  
   Еллар оҳи айланди найга,
   Туман гўё муаллақ тушдай.
   Сукунатда чирпираб қайга,
   Учаётир хазонлар қушдай?
  
  
  
   23 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 3 дан 31 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
  
   Патефон
  
  
  
   Тўзғитганинг етмасми қасддан,
   Қўй, қувлама япроқни, шамол.
   Сен ҳам ҳадеб изғийвермасдан,
   Бир зум тўхта, маданий дам ол.
  
   Ёш эмассан, умринг ҳам ярим,
   Қилган савоб ишларинг сана.
   Тўкиб кузги дарахт баргларин,
   Фаррошга иш оширма яна.
  
   Турналарнинг буюк карвони,
   Учиб кетди жанубга томон.
   Улар элнинг эзгу армони,
   Етиб олсин манзилга омон.
  
   Япроқлардан ямоқ тўнида,
   Боғлар кийди хазондан шиппак.
   Ғознинг эски патефонида,
   Ғийтиллайди қийшайган лаппак.
  
  
  
   22 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 3 дан 17 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Кузги гулхан
  
  
   Гувиллайди хазонрез шамол,
   Намхуш кўча ётар ялтираб.
   Бўм -бўш йўлда барглар эхтимол,
   Югуради мисоли краб.
  
   Ўт -ўланнинг мужгонида нам,
   Шаршарадек шамол шовуллар.
   Ҳеч ким сенга ўт қўймаса ҳам,
   Дарахт, баргинг ёнар, ловуллар.
  
   Рақс тушсанг, тўзғийди тупроқ,
   Қизил червон ёғар пойинга.
   Яхшиямки ёпишди япроқ,
   Ёзиб бўлмайдиган жойинга.
  
   Кўкка боқдинг мисли мунажжим,
   Саёз, телба қўшиқлар айтиб.
   Мактубларинг ёқиб юбордим,
   Дарахт, менга хат ёзма қайтиб.
  
  
  
   22 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 2 дан 24 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Най
   (Буюк найчи созанда ва яхши инсон Абдулаҳад Абдурашидовга)
  
  
   Дарёларнинг лабида ҳамон,
   Нола қилар соҳил найлари.
   Чалар беғам созанда шамол,
   Бўртиб бўйин, томир пайлари.
  
   Шовуллайди, оҳ чекади най,
   Шамолларга тўлганда қўйни.
   Хоразмлик раққосалардай,
   Бошда жиға, ингичка бўйни.
  
   Тинглайверсанг ёмғирда ивиб,
   Шовулласа қамишлар оҳи.
   Соҳилларда ёмғирпўш кийиб,
   Қармоқ ташлаб ўлтирсанг гоҳи.
  
   Ёлғиз ўзинг хаёлга ботсанг,
   Уйга кетмай хафталаб, ойлаб.
   Тунлар қамиш чайлада ётсанг,
   Ойнинг балқиб чиқишин пойлаб.
  
  
  
   22 октябр, 2014 йил.
   Кундуз соат 11 дан 34 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Қорбўронда қолган йўловчи
  
  
   Ташқарида қорбўрон кезар,
   Қорзарралар тўзони қуюқ.
   Ойналарга этюдлар чизар,
   Дайди рассом, ёввойи буюқ.
  
   Уловлар ҳам чарчади, тинди,
   Оппоқ қорга беланди шаҳар.
   Кўмиб ташлар борлиқни энди,
   Қор тинмаса то тонга қадар.
  
   Чўзилганча ўрнимга шу дам,
   Қордек оппоқ ўйларга ботдим.
   Ё уй ёруғ қор шуъласидан,
   Ё чироқни ўчирмай ётдим.
  
  
  
   24 октябр, 2014.
   Кундуз соат 10 дан 53 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Робинзон
  
  
   Маконим шу, кимсасиз орол,
   Кемаларнинг йўлига боқдим.
   Одимладим мисоли қирол,
   Қирғоқларда гулханлар ёқдим.
  
   Уммонларга термулди кўзим,
   ҲАҚ, менга ҳам мурувват айла!
   Соҳилларда ёлғиз бир ўзим,
   Қурдим қуроқ қамишдан чайла.
  
   Соҳилда сув йиғлар чамаси,
   Уммонларни келади кечгим.
   Учар рангли тўти галаси,
   Ҳайқираман, эшитмас ҳеч ким.
  
   Юлдузли тун байроқми қаро?
   Ой ҳам ундан кетмайди нари.
   Ухлар ҳаво уммони аро,
   Космосдаги орол - Ер шари.
  
  
  
   19 июнь,
   2010 йил. Кундуз соат 2 дан 44 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Қуюқлашар кузги далада туман
  
  
   Бир юпун мавжудод енглари узун,
   Дала адоғида ўйларга ботар.
   Сояси акс этган кўлмаклар юзин,
   Ёмғирлар аёвсиз чимчилаб ўтар.
  
   Шоирларга ўхшаб хаёлга чўмган,
   Яйдоқ кенгликлардан излар тепани.
   Ёлғизлик ва жимлик ёқади унга,
   Ёқади сукунат, қорлар кафани.
  
   Далаларга кузги туманлар тушса,
   Пахталик шим кийиб, латтахоч тақар.
   Мусофир қушларнинг галаси учса,
   Уларга узоқдан мунғайиб боқар.
  
   Қиш эди, қорларга туртиниб, бордим,
   Ҳавога ўрлади қарғалар юзлаб.
   Кўрдим қўриқчини, узоқдан кўрдим,
   Аёзли далада қолибди музлаб.
  
  
  
   26 июль, 2012 йил.
   Тонги соат 7дан 55 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Йўлчивин
   (Бўшлиқ манзараси)
  
  
   Муқаддас хандаклар устида минглаб,
   Чевар ўргимчаклар тўқийди кашта.
   Ақлдан озасан жимликни тинглаб,
   Не бор у даврада, бўшлиқда, даштда?
  
   Йиртиғи ҳайхотдек рўмолча билан,
   Йиғлаб бормоқдасан, дўстим қаёнлар?
   Куйлагувчи қумлар айтади ўлан,
   Ўрмалар, меҳрибон дўстдек чаёнлар.
  
   Чўчқа охурида ухлама, етар,
   Ёвлар кўринса ҳам кўзинга дўстдак.
   Хадемай ёмғирлар қийшайиб кетар,
   Қовжирар майсазор - ложувард пўстак.
  
   Энди капалакқор ёғар бегумон,
   Кимгадир биринчи, кимгадир сўнги.
   Қуюқлашар совуқ зулматли туман,
   Шамолда хурпаяр заминнинг юнги.
  
  
  
   26 август, 2010 йил.
   Тунги соат 10 дан 13 дақиқа ?тди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Телбалар шаҳарчасини соғиниб
  
  
   Жуссалари мачта, кийими елкан,
   Севгидан телбариб қолган авомат.
   Қаттиқ нонни сувга ивитиб еркан,
   Борхеснинг китобин айлар қироат.
  
   Озғин қўлларида портфель шишар,
   Намликни ўтказар поябзал чарми.
   Зарб билан ёпсалар, узилиб тушар,
   Эшикка қисилган шарфнинг ярми.
  
   Қандай ёғардия хазонлар паркда,
   Телбаларни кузги туманлар ютар.
   Ярқиратиб темир йўлларни арта,
   Ғижирлаб, қип қизил трамвай ўтар.
  
   Ёмғирда ювилган ойна йўлакка,
   Ёрлиқдай ёпишиб қолар эди барг.
   Қор ёғса телбалар кетар пинакка,
   Қутб айиғидай ухлар эди парк.
  
   "Китоб" номли оғир дардга чалинган,
   Телбалар ҳар тамон тирқираб учди.
   Нон ўрнига китоб сотиб олинган,
   Телбалик йилларим ёдимга тушди.
  
  
  
   21 октўбр, 2014 инжи йил.
   Кундуз соат 1 дан 3 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Дадамни соғиниб
  
  
   Ўлтиргандик порлоқ ойга термулиб,
   Дарё тамонларда юлдуз чамани.
   Узоқдан ўтарди поезд чинқириб,
   Олис темир йўлнинг учқур самани.
  
   Ховур чиқиб турган отнинг гўнгини,
   Тўпладик отларни хуркитмай, қашиб.
   Кейин парник ўра сўлу ўнгини,
   Гўнг билан тўлдирдик елкада ташиб.
  
   Сувқоғоз парникмас, ўтов денг қадим,
   Тунлар ичкарида порларди чироқ.
   Мен печка ёқувчи гўлахи эдим,
   Кўмир бор, газ деган йўқ эди бироқ.
  
   Узоқда хориган трактор "Алтай",
   Инграрди муттасил туннинг қаърида.
   Туманда адашиб қолган одамдай,
   Кезарди ноябрь зулматларида.
  
   Ибодат қиларди дадам уйда жим,
   Балки фарз номози, балки витири.
   Мен эса парникда китоб ўқирдим,
   Сувқоғоз том узра қорлар шитири.
  
  
  
   15 октябр, 2014 йил.
   Тунги соат 9 дан 58 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ёлғизлик истаб
  
  
   Қучоқ -қучоқ оппоқ, парқу булутлар,
   Ўрикнинг гулларга бурканган шохи.
   Боғларда сайраган жиблажибонлар,
   Қишлоқнинг далага туташган рохи.
  
   Мен ўсиб, улғайган уйнинг айвони,
   Деворлар қўш ўркач кулранг туялар.
   Лойпахса том узра булут карвони,
   Қизғалдоқлар бошин эгиб, уялар.
  
   Кечувларда сигир хайдаган бола,
   Елкамда қармоғу қўлимда челак,
   Тўрғайлар сайраган ўтлоғу дала,
   Умрбод ёдимдан чиқмаса керак.
  
  
  
   19/09/2014.
   Кундуз соат 11 дан 54 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ёз
  
   Севгига ем бўлар умрлар ярми,
   Муҳаббат кўрсатар гулларга кучин.
   Ўлдиради у ромашкаларни,
   Ҳақиқатни қўрқмай айтгани учун.
  
   Ким қутқарар энди ромашкаларни?
   Чопмоққа уларнинг йўқдир оёғи,
   Э воҳ, ошиқлардан кўра аларни,
   Янчса яхши эди хайвон туёғи.
  
   Эсмоқда телбатоб шамоллар қирдан,
   Учар ўтлоқ узра савдойи гала.
   Юм юм йиғлаётган ромашкалардан,
   Чайқалар кимсасиз ёввойи дала.
  
  
   Севади, севмайди, севади, севмайди, сев...
  
  
  
   6 июн, 2014 йил.
   Эрта тонг.
   Канада.
  
  
   Ёмғир юм -юм йиғлар кўз ёшга бўкиб
  
  
   Бир кун мен ҳам пўк этиб ўлсам,
   Ногоҳ урмай қўйса кўксимда юрак,
   Арши Аъло сари равона бўлсам,
   "Дўстлар" роса севинса керак.
  
   Ўғилларим келиб, бақрайиб қолган,
   Кўзларимни унсиз йиғлаб ёпарлар.
   Гўрковлар мунғайиб ҳаёлга толган,
   Қабристонга қараб чопарлар.
  
   Кўлмаклар юзида кўпайса ажин,
   Гилослар бош эгса гулларин тўкиб,
   Қадрдон дўстимдай пичирлаб ҳазин,
   Ёмғир, йиғламагин, кўз ёшга бўкиб.
  
  
  
  
   20 май, 2014 йил.
   Тунги соат 10 дан 16 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Тунги дарё
  
  
   Ҳадемай боғларни кезиб чарчаган,
   Саболар эсади сочингдай майин.
   Ва аста сен ётган уйга дарчадан,
   Оҳиста мўралар ойдинда қайин.
  
   Хайвейда автолар овози тинар,
   Фақат чиқиллайди соат миллари.
   Лаълин лабларингда очилар энди,
   Соғинч ғунчалари, ҳижрон гуллари.
  
   Сомон йўли - осмон зинапояси,
   Сочинг дарё каби ётар ёйилиб.
   Йўлакка йиқилар қайин сояси,
   Ойнинг шуъласига тойилиб...
  
  
  
   7 декабр, 2011 йил.
   Кундуз соат 10 дан 20 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
   Шом хасрати
   (Эшқобил Шукурга)
  
  
   Қумқўрғон тамонда болалик чорлар,
   Подалар қайтади, сигирлар мораб.
   Куйловчи қуюндай искабтопарлар,
   Шом ҳам шундай гўзал бўларми, ё Раб?!
  
   Боймоқли йўллари кимсасиз жимдир,
   Салқин ҳаволарда маҳзун бир совиш.
   Узоқ -узоқларда тол кесар кимдир,
   Болтадан кечикиб янграйди товуш.
  
   Қушлар шовқинидан ботаргоҳ оҳи,
   Фарёди Худонинг аршига етар.
   Энди ой ёритар далалар рохин,
   Чирилдоқ, бир нафас тин олсанг нетар?
  
   Бепоён оламдай тўлиб лимиллар,
   Тўфонлар ўкирган уммондай дилим.
   Вақт тошбақаси қумда имиллар,
   Ўтлоқда туманлар пешлайди чилим.
  
   Кечки шудринглардан кўз ёши тўккан,
   Осмон қопчиғининг чоки сўкилди.
   Олмосдай порлаган юлдузлар кўкдан,
   Соҳил сувларига тутдай тўкилди.
  
  
  
   16 май, 2014 йил.
   Кундуз соат 10 дан 0 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Тазарру
  
  
   Мен иккиқат дебман осмонни,
   Кечиринглар, еттиқат экан.
   Сиз севмаган типратиконни,
   Иягимда ўстирсаммикан?
  
   Кечиринглар, кўзимга бари,
   Кўринибди мисоли безак.
   Сигирларнинг нодир асари,
   Гулга ўхшаб кетгувчи тезак.
  
   Узр, писанд этмаган бўлсам,
   Назокатли кимсалар дидин.
   Сассиқ мушкдан юқори қўйсам,
   Даладаги Бурганлар хидин.
  
   Маъзур тутинг, ўхшаса фурсат,
   Бармоқларим семиз қуртларга.
   Ва кузатсам сиздан берухсат,
   Турналарни олис юртларга.
  
   Узр, сизни одам деб гоҳи,
   Борган бўлсам билмай топиниб.
   Ётган маҳал далалар рохи,
   Қорлар кўрпасини ёпиниб.
  
  
  
   2003 йил, Андижон.
  
  
  
   Кузатиш
  
  
   Жилмайганча кўз ёшларингни,
   Яширасан, алдаб нетасан?
   Мен перронда қоламан ёлғиз,
   Сен поездда йиғлаб кетасан.
  
   Жиққа ёшга тўлган кўз билан,
   Йўл оласан узоқ элларга.
   Югираман поезд ортидан,
   Сўзлар учар совуқ елларга.
  
   Чирпирайди пойимда хазон,
   Декабрнинг бодлари елар
   Хувиллаган перронда туриб,
   Поезд каби чинқиргим келар.
  
  
   1992 йил , декабрь , Тошкент Талабалар шаҳарчаси.
  
  
  
   Отамга мактуб
  
  
   Қўналға тополмай кузги чумчуқлар,
   Гала - гала бўлиб гирдибодимда,
   Чарх уриб осмонда мисли урчуқлар,
   Айланиб учгани ҳамон ёдимда.
  
   Отам, ўзинг бетоб ётганингда ҳам,
   Доим фарзандларинг ғамини ейсан.
   Тузалсам, пошшодан - ўғлимни юртга,
   Қайтаринглар дея сўрайман - дейсан.
  
   Кўзларингни соғинч хасрати чўқиб,
   Йўлга термуласан, қўлингда хасса.
   Сандалда ётасан китобим ўқиб,
   Туманли боғларни қировлар босса.
  
   Дарё соҳилига борсанг баҳорда,
   Изларинг ёмғирли йўлларда ивир.
   Мен уммон ортида, мудроқ шаҳарда,
   Соядай букчайиб ёзаман шиғир.
  
  
  
   2009 йил, 15 май. Кундуз соат 12 дан 45 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
   Садоқатли чирилдоқ
  
  
  
   Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
   Хонанг деразасин боғларга очиб.
   Менчи киприк қоқмай туравераман.
   Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.
  
   Эсингдами, сени фироқ ўтида,
   Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб.
   Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
   Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.
  
   Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
   Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
   Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
   Ховлингда чириллаб юрсам майлими?
  
  
  
   1999 йил , август ,
   Тошкент , тунгги соат 12 ярим .
   Дўрмон . Ёзувчилар ижод боғи .
   1 - корпус , 3 - қават , 52 - хона .
  
  
  
   Қадрдон қирғоқлар
  
  
  
   Оқар эди дарё ёйилиб,
   Сенсиз гўё яшардим хумда.
   Оёғингни ўпарди сувлар,
   Эрир эди изларинг қумда.
  
   Учрашганда телбалар каби,
   Сўзлашолмай қолардик тилдан.
   Йўлларингда мухтож нигохим,
   Узоқ эди секундлар йилдан.
  
   Лаъл, жавохир юлдузлар ила,
   Тун осмони кетганда бойиб.
   Ухлар эдинг баланд сўрида,
   Сочларингни дарёдай ёйиб.
  
   Далаликда кесишган йўллар,
   Кўзларимдан михлаган хочинг.
   Қирғоқларим қўпорган дарё -
   Ёт ёстиққа ёйилган сочинг.
  
   Балки ҳамон бизсиз сохилнинг,
   Тўлқинлари бир - бирин қувар.
   Қорадарё ой лаганида,
   Юлдузларни олтиндек ювар.
  
  
  
   8/07/2006. Кундуз соат 2:41.
   Бишкек шахри , Советская кўчаси ,128 -уй ,
   39 - квартира . Ғарибликда ёзилди .
  
  
   Сирли мактублар
  
  
   Дарахт менга йўлни бўшатган,
   Ўтганимда шу йўлдан доим.
   Ва дарахтнинг сарғайиб кетган
   Хатларига кўмилган пойим.
  
   Дарахт шўрлик ёзган хатларин,
   Кимдир олиб ўқишин пойлар.
   Мактубларин олис олисга,
   Олиб кетар пўчтачи сойлар.
  
   Севиб қолган кимнидир дарахт,
   Севган ёри ёзмайди жавоб,
   Хатларини яшириб, карахт,
   Йиғлаб - йиғлаб этмайди тавоф.
  
   Дарахт ҳар йил ёзаверади,
   Сиёх, дастгох, қалам, довотсиз,
   Хатларини хеч ким ўқимас,
   Унинг севгилиси саводсиз.
  
  
  
   1991 йил , куз , Тошкент шаҳри.
  
  
   Қишлоқ соғинчи
   (Ҳамқишлоғим Ўлжа акамга)
  
  
   1
  
  
   Ўриклар гуллаган ойдин сукунат.
   Шолипояларнинг тиниқ сувларига
   Чўкиб кетар ойнинг чинни товоғи.
  
  
   Тун - қоп -қора ниқобли нинза
   У сочиб ташлаган сомон йўлига
   Юлдузларнинг пўлат тиканакларин...
  
  
   2
  
  
  
   Дарё ўртасида биз севган орол
   Қушлар шовқинига тўлган тўқайзор
   Айланибди бугун шолипояга.
  
  
   Қушларга қўналға бўлмасин дея
   Шолипоя четидаги ёлғиз жийдани
   Болта билан кесиб ташлабди кимдир.
  
  
   Қушлар гала -гала бўлиб,
   Иссиқ ўлкаларга учиб кетгандир.
   Қушлар қишга ғамламайди дон.
  
  
   Дехқон ўрилган шолиларини
   Қайиғига юклаб,
   Туманли дарёда ёлғиз бир ўзи
   Сузиб борар балки қирғоққа тамон.
  
  
  
   Туманли юлғунзор тамонда балки
   Ёмғирлар тилида пичирлаб йиғлар
   Қушлар шовқинини соғинган соҳил.
  
  
   3
  
  
   Лайлакқор гупиллаб ёғаётган он
   Оппоқ унга беланган тегирмончидай,
   Кўчамиздан ўтар тунги йўловчи.
  
  
   Қиров увилдириғи қоплаган
   Тонги ҳайбатли тераклар!
   Тепсанг улардан
   Гувиллаб тушади булутдай кўчки.
  
  
   Сочлари оқарган созанда шамол.
   Чалар қорли дала симфониясин.
   Қор қоплаган далада эса
   Вальсга тушади ёлғиз қорқуюн.
   Қиш- оппоқ рояль.
  
  
   4
  
   Ойдинда гуллаган
   Ўрикларнинг оппоқ гулпаллалари
   Тўкилиб, ерларни оқартирганда
   Ойнинг оппоқ шуълаларига
   Беланган йўловчи ўтар кўчадан
   Хорғин, ўйчан тегирмончидай.
  
  
   Кесилган жийданинг ўткир тиконлари
   Ойдинда ялтирар
   Тун - қоп -қора ниқобли нинза
   Сомон йўлига сочиб юборган
   Юлдузларнинг пўлат тиканагидай.
  
  
   Дарё ўртасидаги орол тамонда эса
   Энди тиши чиққан гўдак мисоли
   Жийда ниҳоллари ёзади куртак.
  
  
   Шолипояларнинг тиниқ сувида
   Синиб ётган маҳал ойнинг товоғи.
  
  
  
   27 февраль, 2013 йил.
   Кундуз соат 11 дан 32 дақиқа ўтди.
   Кембридж шаҳри, Канада.
  
  
   Тошбитик
  
  
   Фақат осмон билан тирикмас инсон,
   Яшаб бўлмайдику қадрдон ерсиз.
   ' Яшаса бўлади ' дейишинг мумкин,
   Ғарлар яшагандай жахонда эрсиз.
  
   Яшаб бўлар дерсан қуёшсиз хатто,
   Ойдин далаларсиз, тумансиз, қорсиз.
   Ватансиз ва Эрксиз, тутқун қул бўлиб,
   Яшаш ҳам мумкиндир ғурурсиз, орсиз
  
   Ҳатто худосиз ҳам яшамоқ мумкин.
   Яшашинг мумкиндир оламда менсиз.
   Қабртошим уриб, қарғама, чунки,
   Мен яшай олмадим дунёда сенсиз.
  
  
  
   2000 йил , 8 июль , Маслахат қишлоғи.
  
  
   Зор -интизор
  
  
   Қурғоқчилик кунлари келди,
   Сахро каби қақраган кўзга.
   Бу дунёда, севгилим энди,
   Гўзал сўз йўқ исмингдан ўзга.
  
   Кенгликларга чиқиб кетаман
   Соғинчларинг қийнаса ёмон,
   Сўзанаклар тентираб учган,
   Жим , кимсасиз далалар тамон.
  
   Оқшом тушиб ярақлайди ой,
   Шуълаларга беланар кифтим.
   Юлдуз тўла поёнсиз у жой,
   Дур - жавохир қадалган шифтим.
  
   Қуриллайди бақалар маюс,
   Соҳилда тун этагин тешиб.
   Юксалади кўкларга руҳим,
   Ой нуридан арқонлар эшиб.
  
  
  
   1999 йил , августь . Маслахат қишлоғи.
  
  
   Балки
  
  
  
   Кузги шамол ва махзун хаёл,
   Чизгинг келар тасвирин бўзга.
   Чўкар мовий дубулға - осмон,
   Кузга ўхшаб кетгувчи кўзга.
  
   Кўрдим кўзинг тубида ғамни,
   Арзир эди йиғласам увлаб.
   Юпун боғлар бағридан учгач,
   Барглар кетди шамолни қувлаб.
  
   Сочларингдай узун дардларинг,
   Қошларингда йиллар куяси.
   Кўзинг қири ханжардай ўткир
   Киприкларинг кўзёш уяси.
  
   Балки сен ҳам мухожир қушдай,
   Учиб кетиб қоларсан зумда.
   Изларингда дарёлар инграб,
   Сувлар йиғлар югириб қумда.
  
   Балки энди сенсиз ўларман,
   Балки ўлмай кирарман юзга.
   Термуларман балки соғинсам,
   Кўзларинга ўхшаган кузга.
  
  
  
   2001 йил , августь. Маслахат қишлоғи.
  
  
   Сени унутмайман
  
  
   Туманлардан чиқиб келасан,
   Лек кирмайсан остона хатлаб,
   Мен бир умр ета олмаган,
   Олис орзу , муқаддас матлаб.
  
   Сен ўтасан ортинга боқмай,
   Ташлаб аста илохий одим.
   Изларингда мен эмас , гўё,
   Қолар руҳсиз юз йилги ёдим.
  
   Юксалгандай бўласан кўкка,
   Далаларни ёритган ойдек.
   Мен бир четда қолиб кетаман,
   Ой ёруғи тушмаган жойдек.
  
   Термуламан сенг кетган йўлга,
   Туманларга сингийди жисминг.
   Деразанинг ойнасин кухлаб,
   Ховурларга ёзаман исминг.
  
  
  
   1991 йил , декабрь . Тошкент .Талабалар шаҳарчаси, 14 -ётоқхона.
  
  
   Ҳотира
  
  
   Унутмайман энди ҳеч қачон,
   Ўша қайғули тонгни.
   Ўчган чироқларни,
   Оқаришиб келаётган
   Олачалпоқ осмонни,
   Йироқларни.
   Фил суяги каби
   Оппоқ қўллару
   Шундай жуссани.
   Муюлишга етганимда
   Кўзим гирдобига
   Чўккан ғуссани.
   Энди у жойларга бормайман,
   Борсам,
   Шамоллар йиғлайди
   Қамиш тилида.
  
  
   1993 йил.Андижон.
  
  
   Сирдарё
   ( Соҳиба Ашуровага)
  
   Сув ичгани келган кийикдек,
   Оёқ қўйдинг тошли соҳилга.
   Ва термулдинг ғалаён солиб,
   Тошларга бош урган жоҳилга.
  
   Қатра - қатра кўз ёшинг тўкиб,
   Хасратингни сувларга айтдинг.
   Сирларимни сақлагил, дарё -
   Деб соҳилдан оҳиста қайтдинг.
  
   Кўзимда ёш, хасратга тўлиб,
   Мен дардингни тушуниб етдим.
   Ва айрилмас содиқ дўст бўлиб,
   Сирларингни оқизиб кетдим.
  
  
   1996 йил, куз. Андижон шаҳри.
  
  
   Кузги соҳил
  
  
   Осмонни булутлар суруви босди,
   Юнглари жамалак, йўқдир туёғи.
   Бу очкўз сурувнинг дастидан, рости,
   Қолмабди осмоннинг қамиш, қиёғи.
  
   Дарё лабларида чириди найлар,
   Ҳайратдан осмонга бақрайди дала.
   Жаннат қушларидай барги ҳазонлар,
   Учиб ўтиб кетди гала ва гала.
  
   Заъфарон таназзул, беқадр червон,
   Намчил йўлакларга ёпишган ёрлиқ.
   Дарахт оломони - сассиз ғалаён,
   Ёмғирларда шишиб йиғлайди борлиқ.
  
   Вақт ботқоғида бижғийди йиллар,
   Дарахтларни тутди жимлик уволи.
   Сен эса келмайсан, вақт имиллар,
   Совуқ зулматларда ҳижрон шамоли.
  
   Чирпираб тўзғийди қахрабо хазон,
   Безовта қушларнинг вахший бўрони.
   Хазонга кўмилди четанли қўрғон,
   Олисда ўрмалар поезд илони.
  
   Тўлқинлар тўймайди қумлоқни ялаб,
   Чорлоқлар чийиллаб шовқин солади.
   Гулханга боқаман, шеърларим қалаб,
   Ҳадемай кўзёш ҳам қайнаб қолади.
  
  
  
   12 ноябрь, 2004 йил. Ярим тун. Андижон шаҳри.
  
  
   Болалик
   ( Тўбо хола хотирасига)
  
   Четан чавра билан ўралган боғлар,
   Боғда гилосларнинг бағри қонайди.
   Юлғинзорда шамол тентиган чоғлар,
   Какку менинг қолган умрим санайди.
  
   Ғуриллайди толзор тамонда ғуррак,
   Трактор кемадай ташлайди лангар.
   Бўйнин чўзиб ханграр яйловда эшак,
   Овози кенг дала даштларда янграр.
  
   Қуймоқ пиширади қуёшдан июнь,
   Ғир ғир эсиб ўтар дайди шабада.
   Узоқ увотларда рақс тушар қуюн,
   Тракторчи ухлаб ётар капада.
  
   Дала йўлда мопед қўйгандай пойга,
   Тириллар, кўтариб қияликда чанг.
   Тепаликда элни чақириб чойга,
   Ошпаз Тўбо хола ура бошлар занг.
  
  
   Танг! Танг! Танг! Танг!
  
  
   1989 йил, Июль.Маслахат қишлоғи.
  
  
  
   Қўшиқ
  
  
   Юлдузлар ярақлаб порлайверади,
   Уларнинг чангини хеч кимса артмас.
   Узоқлардан имлаб, чорлайверади,
   Коинотга сенинг боришинг шартмас.
  
   Заминнинг энг гўзал дарахти учун,
   Ўтказилса агар танлов, кўриклар,
   Биринчи ўринни олмасин нечун,
   Баҳорда гуллаган қантак ўриклар.
  
   Еллар иш оширар келинчакларга,
   Ўрик гулпалласин тўкиб, эркалаб.
   Ўрик гуллайверар оппоқ қўшиқни,
   Қарсагу олқишлар қилмайди талаб.
  
   Бу гала концертга киришинг мумкин,
   Бўлмаса ҳам чиптанг, пулинг ё тилланг.
   Оппоқ қўшиқлардан очилар шул кун,
   Руҳинг капалаги беркинган пилланг.
  
  
  
   2004 йил, баҳор, Андижон.
  
  
   Қизиқ дунё
  
  
   Қоронғудан чиқиб қоронғуликка,
   Кетгувчи умрлар айлана чизиқ.
   Бошинг шарга ўхшар бунинг устига,
   Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ.
  
   Қизиқ туюларкан ер - бепул учоқ.
   Доим хизматингга турса шайланиб.
   Сен бориб юрмасанг. очганча қучоқ,
   Фасллар ёнинга келса айланиб.
  
   Қизиқда, бир умр коинот билан,
   Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга.
   Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани.
   Кимдир айлантириб юборса шеърга.
  
  
   2000 йил 28 июль , ярим тун .
   Маслахат қишлоғи .
  
  
   Денгизда
   ('Истанбул илҳомлари ' туркумидан )
  
  
   Эммоноэл бўғози, Тамсил, Эскудар,
   Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги.
   Мармаранинг мовий соҳили қадар,
   Янграр кемаларнинг хасратли бонги.
  
  
   Денгизлар ортида қолган Ватаним,
   Соғиндим Масжиду минорларингни.
   Соғиндим, эй униб, ўсган масканим,
   Кузда ловуллаган чинорларингни.
  
   Мармара денгизи, изиллаб, қақшар,
   Паром чайқалади, ғижирлар эшик.
   Тўлқин аллалайди онага ўхшаб,
   Денгиз -дунёдаги энг улкан бешик.
  
   Чуввос солиб учар кўкда чайкалар,
   Ҳалал бериб хаёл -гирдибодимга,
   Қий -чув қилиб, сурон кўтариб алар,
   Дарё соҳилларин солди ёдимга.
  
   Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон.
   Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик.
   Сув юзида ярми кўриниб турган,
   Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик.
  
  
  
   1999 йил, декабрь. Туркия. Истанбул.
   Мармара денгизи.Шалоғи чиққан паромда сузиб кетаётиб ёзилди.
  
  
   Ҳайрат
  
   Кучли шамол энади қирдан,
   Ва айланар ёмғир жалага.
   Эл қочади шийпонга бирдан,
   Кетмонини ташлаб далага.
  
   Беркинади айвонга авом,
   Борлиқ хаёл отига минар.
   Қасирғалар этаркан давом,
   Қуяр жала ва охир тинар.
  
   Селлар ювиб тозалаб кетган,
   Соф ҳавога тўлади айвон.
   Дов дарахтлар ўзи акс этган,
   Кўлмакларга боқади ҳайрон.
  
  
  
   22 октябр, 2014 йил.
   Кеч соат 8 дан 00 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Энамни ёд этиб
  
  
   Бўйи пастаккина Фотима энам,
   Оғзида бор эди бир дона тиши.
   Кўрпа қавир эди меҳрибонгинам,
   Пахтани савалаш севикли иши.
  
   Ғиппа -ғиппа урар эди пахтани,
   Қиличдай савачўп ўйнар дастида.
   Назаримда энам гўё мақтаниб,
   Ўлтирарди оппоқ булут устида.
  
   Булутларга боқсам баъзи минутлар,
   Хўрлик вужудимда қўзғайди махшар.
   Осмонни тўлдириб сузган булутлар,
   Энам савалаган пахтага ўхшар.
  
  
  
   24/09/2014.
   Кундуз соат 12 дан 10 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Қалдирғоч
  
  
   Кузда кетганингни сезмай қолар эл,
   Ҳаттоки ортингдан юрса ҳам пойлаб.
   Кўкда қанотларинг ивитсада сел,
   Уммонлар устидан учасан ойлаб.
  
   Бўронлар ҳам сени тўсолмас йўлдан,
   Гоҳо сени қуюқ туманлар ютар.
   Уй олиб Маслахат ё Олтинкўлдан,
   Биз каби бир жойда яшасанг нетар?
  
   Ҳар баҳор халлослаб қайтиб келасан,
   Қишласангда Миср ва ёки Чинда,
   Чуғур чуғур сайраб, завққа тўласан,
   Лойлар маржонидан қурилган инда.
  
   Лойни ийлармишсан тумшуғинг билан,
   Бу қандай гувалак, айт, қандай усул?
   Кўлмакларда гоҳо айтганча ўлан,
   Чўмиласан, гўё қилгандай ғусл.
  
   Бу йил яна излаб яшамоққа жой,
   Эшитдим, қалдирғоч, келибсан қайтиб.
   Яна ин қурибсан, тумшуғингда лой,
   Бизни хашарга ҳам қўймабсан айтиб.
  
  
  
   24 май, 2014 йил.
   Тунги соат 1 дан 17 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Баҳор қўнғироғи
  
  
   Ботаргохда оқшом қушлари,
   Боғлар қулоқ пардасин ёрар.
   Шовуллаган терак учлари,
   Қип -қизил чўғ сингари ёнар.
  
   Айтиб йиғлар искаптопарлар,
   Оҳ чекишдан бормикин фойда?
   Осмон тўла жавохир ва лаъл,
   Чўкиб ётар бир қисми сойда.
  
   Уйсиз итлар акиллаб, дайдир,
   Порлар минглаб чироқ чивини.
   Дов дарахтлар ухлашга шайдир,
   Ой ёритар соҳил сувини.
  
   Сувчи ўнглар ариқ ёқаларини,
   Осмон - қозон, зулмат куяли.
   Баҳор қуриллатар бақаларини,
   Унинг телефони уяли.
  
  
  
   30 декабр, 2011 йил.
   Кундуз 11 дан 11 дақиқа ўтди.
   Торонто шаҳри Канада.
  
  
   Ёмғир
  
  
   Келди узоқ кутилган фасл,
   Чириб кетди қорлар кафани,
   Ўзи юм -юм йиғлаб, муттасил,
   Овутади ёмғир хафани.
  
   Йўллар эгри кўзгу, қайрилган,
   Ким автобус, ким кутар такси.
   Кўлмакларда эсдан айрилган,
   Дов -дарахнинг паришон акси.
  
   Ойнабанд шохбекатда авом,
   Йўлга боқар ненидир ўйлаб,
   Ёмғир эса қуяр бардавом,
   Неларнидир шивирлаб, сўйлаб.
  
   Ёмғир қушми, тумшуғи синмай,
   Деразангни тирнаб, чўқийди.
   Ҳозир ёзган шеърингни тинмай,
   У пичирлаб, йиғлаб ўқийди.
  
  
   4 апрел, 2014 йил.
   Кеч соат 5 дан 1 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Муҳожир
  
  
   Кўзларим севгимиз кўмилган қабр,
   Кўз ёшим эллик йил сақланган бода.
   Турналар олислаб кетгач, негадир,
   Сўппайиб қолдим мен етим дунёда.
  
   Энди зулматларда шамол чекар оҳ,
   Ялонғоч новдалар чалади бурғу.
   Исириқ тутатар боғда тийрамох,
   Илоҳий шовқинга ёмғирлар урғу.
  
   Шу кеча қиш келар, бўрон қўзғотиб,
   Қалин қор қоплайди ўрмонни демак.
   Туманда туртиниб, қорларга ботиб,
   Тонгда бўрсиқларга элтийман емак.
  
  
  
   5 август, 2011 йил.
   Тунги соат 11 дан 52 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Тунги осмон
  
  
  
   Кал деб ҳазил қилсам гоҳида,
   Кетиб қолма, аразлама, ой.
   Чексиз осмонларнинг тоқида,
   Юлдузларга етишмайди жой.
  
   Улар имо - ишора қилар,
   Айтган сўзин қийин англамоқ.
   Биров артган каби ялтирар,
   Юлдузларга ётдир зангламоқ.
  
   Милтиллашар мисоли ғусса,
   Сувлар ерга ёзилган читдай.
   Тонга яқин юлдузлар пишса,
   Уммонларга тўкилар тутдай.
  
  
  
   26 апрел, 2014 йил.
   Кеч соат 7 дан 17 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ой билан суҳбат
  
  
   Ҳадеб деразамдан қарайверма ой.
   Қолмадими одоб, ҳаё ва шарминг?
   Сендан беркингали тополмайман жой,
   Ким сени кемтиди, нега йўқ ярминг?
  
   Бошқа деразалар кетганми қуриб,
   Боқсангчи қорайган қўшни дарчага?
   Кўрпага ўраниб, уйқуни уриб,
   Эл хуррак отмоқда, қаттиқ чарчаган.
  
   Ялангбош юрасан тун бўйи дайдиб,
   Арчилган тухумдай ялтирар бошинг.
   Наҳот мангу ўсиб чиқмаса қайтиб,
   Устарада таглаб қирилган қошинг?
  
  
  
   13 март, 2014 йил.
   Кеч соат 7 дан 35 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ойдин оқшомлар
  
  
   Ховлимизда кузгача энди,
   Ўсар балки бурган, шўралар.
   Хувиллаган хонамга тунда,
   Ой дарчадан ғамгин мўралар.
  
   Бақаларнинг шивирлаб айтган,
   Қўшиқларин тинглайди чироқ.
   Чироқ эмас, соғинч сарғайтган,
   То тонгача бўзрайган фироқ.
  
   Хаёл гилос гулларимисол,
   Тўзғиб кетар эди сабода.
   Ойдин кеча ўғринча висол,
   Ўйнар эди сочин шабода.
  
   Ўт -ўланлар ичра чекиб оҳ,
   Чирилдоқлар чириллар эди.
   Дўстлар, мени олис ўлкаларда гоҳ,
   Чидаб бўлмас соғинчлар еди.
  
  
  
   7 март, 2014 йил.
   Тунги соат 1 дан 17 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Ватан ҳажри
  
  
   Болалик беркинди какку оҳ чекиб,
   Тўрғайлар тўлиқиб сайраган жойга.
   Ошпаз Тўъбо хола дўнгликка чиқиб,
   Ҳамон одамларни чақирар чойга.
  
   Қушлар шовқинидан қулоғинг битар,
   Осилар шомларнинг оғир қабоғи.
   Соҳил сувларига чўкканча ётар,
   Кўкдан тушиб синган ойнинг товоғи.
  
   Эҳ, она қишлоғим, ота маконим,
   Яқинсан, сен менга жуда яқинсан.
   Сен баҳор шомида ҳасратли ва жим,
   Уфқларда чақнаган ғамгин чақинсан.
  
  
  
  
   20 январ, 2014 йил.
   Кундуз соат 1 дан 43 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Қорбўрон
  
  
   Қорга ботдим тиззамга қадар,
   Музлаб қолди ҳавода сўзим.
   Қор шопирган бўронда бадар,
   Илдамлайман ёлғиз бир ўзим.
  
   О, ақлдан озаётган қор,
   Ҳарир парда, илоҳий тўсиқ.
   Чирпирайвер ёруғ, интизор,
   Мангу маҳзун, адоқсиз қўшиқ.
  
   Сен кўзлари оппоқ оқарган,
   Дунёда энг буюк сўқирсан.
   Кўча фонусларин ёқаркан,
   Шивирлайсан, шеърлар ўқирсан.
  
   Уйқу келмас, келар ўйлагинг,
   Қорли кеча - умр тушдаги.
   Судралади, харир кўйлагинг,
   Далаларда шамол хуштаги.
  
  
  
   24 июнь, 2014 йил.
   Кеч соат 8 дан 2 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
   Тун ҳақида
  
  
   1
  
   Тун шивирламайди.
   У фақат чинқиради.
   Шундай чинқирадики,
   Қулоқ пардаларинг йиртилиб,
   Қонаб кетар эди эшитганингда.
  
  
   2
  
   Тун паранжи - чимматсиз
   Қип - ялонғоч ётган қоп -қора жувон
   Унинг сирлари кўп гўзалдан - гўзал.
   Лекин гўзал эмас ҳамма сирлари.
  
   Тунни ҳатто
   Телбаларча севиш ҳам мумкин
   Фақат пинхона...
   Кундузга сездирмасдан дегандай...
  
  
   3
  
   Ғажишга шайланма юлдузларни сен.
   Негаки, юлдузлар
   Сен ўйлаганинчалик кичкина эмас.
   Улар ҳам ўзига ҳос катта.
   Шу қадар каттаки,
   Уларни ғажиб ташлаш учун
   Биласанми, эхҳеееей!..
   Ҳеч бўлмаса, сенга
   Коинотдай оғиз,
   Метеоритдан ясалган, ўта мустахкам
   Тишлар керак бўлар ўткирроқ.
  
  
   4
  
   Неандертал одамга ўхшаб,
   Деразангдан олазарак қараганингча
   Хаёлларга ботасан.
   Рашк келар
   Севгилинг тўлғониб
   Тунларнинг қўйнида ётгани маҳал.
   Тун эса - аёл.
  
  
   5
  
   Чиқиб келса ёринг туннинг қўйнидан,
   Рашк ўтида ёнасан.
   Унда нега онанг ҳам,
   Синглинг ҳам, қизинг ҳам
   Ўзинг ҳам ётибсан туннинг қўйнида?
  
  
   6
  
  
  
   Уйғон, галварс, тун қўйнидан чиқ!
  
  
  
  
   1993 йил, Андижон.
  
  
   Мабодо
  
  
   Мен бир ит бўлсайдим
   (Лайча ё кўппак)
   Зулматли куз кечаси
   Дарё ортидаги 'Латтақишлоқ' да
   Бўғиқ аккиллардим
   Гўё хум ичида хураётгандай.
  
   Товушимни тинглаб,
   Ухлаб қолардинг
   Илинарди кўзинга уйқу.
  
  
   Ёхуд, бўлсам эди сассиқпопишак
   Пупупуб - пупупуб - пупупуб
   Пишш шш! - дея
   Олис увотларда сайрардим узоқ.
   Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб
   Бир зум қулоқ тутарди менга.
  
  
   Ё бўлмаса омадим чопиб,
   Чигирткага айланиб қолсам,
   Ой порлаган оқшом
   Ёзги 'Қирғизхожи' далаларида
   Тунни зириллатиб чириллар эдим.
  
  
   Ёки дейлик бирдан фалокат босиб,
   Одам бўлиб қолсам кутилмаганда
   Катта - кон одам.
  
  
   Болалигим кечган
   Қорақолпоқлар хуторидаги
   Чўчқахона харобасидан
   Қарардим бепоён мангу осмонга
   Ўзимнинг нақадар муваққат, ожиз
   Зарра эканимни англамоқ учун.
  
  
  
  
   15 октябрь ,2006 йил ,якшанба .
   соат 13 дан 58 минут ўтди.
   Бишкек , Ленинград кўчаси 35 уй.
  
  
   Айрилиқ
  
  
   'Ёқмасам, ка - а -а - атта кўча' дединг,
   Кўчага чиқдим.
   Кўча жим - жит эди, кимсасиз, ойдин.
   Мен авваллари билмас эканман,
   Кўчанинг бунчалар
   Катта бўлишин.
  
  
  
   2002 йил , 2 октябрь . Ярим тун .
   Андижон шаҳри 4 - кичик даха.
  
  
   Шукрона
  
  
   Оллохим, анави ён қўшним борку,
   Ўшандан дегин,
   Белкурак олувдим ер ағдаргани.
   Ўша қўшним бир соат ўтгандан кейин,
   Берган белкурагин сўраб чиқибди.
   Сен бўлсанг
   Туғилганимдан бери ишлатиб юрган
   Белкуракдан афзал қўлларимни
   Мана, қирқ етти йилдирки
   Қайтариб бер дея қистаб келмайсан,
   Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан,
   Горгаздан, Элэктросетдан,
   Солиқ идорасидан
   Одамлар келди
   Семиз - семиз попка кўтариб.
   Тўлов миқдорини эшитгач,
   Хушдан кетай дедим, кўкариб.
   Оллохим,
   Яхшиямки фаришталаринг,
   Семиз - семиз попка қўлтиқлаб,
   Қуёш, ёмғир ,шамол хақини
   Суриштириб келмас уйимга
   Яхшиямки нафас йўлимга
   Ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан.
  
  
   1992 йил, Маслахат қишлоғи.
  
  
   Баҳор ҳақида
   (Чори Аваз хотирасига)
  
  
   Баҳор келаётир.
   Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
   Бултур сенинг изларинг қолган,
   Сўқмоқлардан келаётир ул.
   Очилади шубҳасиз энди,
   Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
   Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.
  
   Баҳор келаётир,
   Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор...
  
  
  
   1993 йил . Тошкент шахри .
  
  
   Ўғлим Азизбекка
  
  
   Магар ўлсам, хазин бўзлаб, хайр деб йиғлагил, ўғлим,
   Зулмларга чидаб ўтган чайир, деб йиғлагил ,ўғлим.
  
   Кел, эй ғассол, кўрай сўнг бор дадамнинг афти ангорин,
   Юзидан пардани бир зум қайир, деб йиғлагил, ўғлим.
  
   Унинг харастларин айтсам, улус кўз ёшини тўкса,
   Бу сувда кемалар қилгай сайр деб йиғлагил, ўғлим.
  
   Тириклик чоғида бир бор келиб аҳволини сўрмай,
   Тобут устинда ваъз айтма, ғайр, деб йиғлагил, ўғлим.
  
   Бугун ҳеч бўлмаса шундоқ улуғ кун хурмати ёраб,
   Дадамни шум ғанимлардан айир, деб йиғлагил, ўғлим.
  
   Бу Вулқон портлагач, кул айлабон найнов ғанимларни,
   Бугун Жаннат тамон учган тайр, деб йиғлагил, ўғлим.
  
  
  
   1990 йил , Маслахат қишлоғи .
  
  
   Чағалай...
   (Рауф Парфи хотирасига)
  
  
   Ўзининг бор етимлиги билан,
   Далалар устида порлаётган ой,
   Учбурчак шаклли ромга жойланган
   Шарларни ҳар ёққа тўзғитиш учун
   Ўқлоғ ёрдамида йўналтирилгувчи
   Биллиарднинг бузғунчи соққаси эмас.
  
  
   У совуқ адирда ёлғиз ва юпун,
   Шуълалардан юзи сарғайиб
   Чироқ кўтариб бораётган.
   Соч - соқоли оппоқ, бўйни ингичка,
   Момақаймоқ тўзғоғига ўхшаган Рауф.
  
  
   Шеъриятнинг тилла чиғириғида,
   Жон ипларин йигирган вужуд.
  
  
   Рауфдан йигириб олинган
   Ложувард нурларнинг калаваси ой.
  
  
   Хой, совуқдан товони ёрилган Рауф,
   Банкротга учраган меросхўр кунда,
   Кундамас, кундада Қуёшнинг ўткир,
   Олмос нури ила кесилган ойна
   Йўлларингда баҳор жарчиси бўлиб,
   Эриб ётган маҳал кўлмаклар,
   Эшкаксиз қайиқда ёлғиз бир ўзинг,
   Севинч кўз ёшларинг кафанга артиб,
   Бегона тунларга кўчиб кетибсан.
  
  
   Шиғалаб ёғарми энди ёмғирлар?
  
  
  
  
   20/01/2007.Кундуз соат 11:22.
   Бишкек шаҳри, Ленинград кўчаси 35 уй.
  
  
   Қаҳрамон
   (Ҳамқишлоғим , иккинчи жаҳон уруши ногирони ,
   марҳум Фозил ота хотирасига )
  
  
  
   Гувиллайди боғларда бўрон,
   Тун қоронғи, тонг ҳали йироқ.
   Пастак уйнинг меҳроби аро,
   Милтиллайди хира жинчироқ.
  
   Чол узилган тасмани улаб,
   Оёғига юзли мих қоқар.
   Оёқ эмас, не десам экан,
   Туёғига мунғайиб боқар.
  
   Ёрилади, ёғоч оёғи,
   Чол кўзидан ёши тирқирар
   Қайлардадир зулмат қўйнида,
   Қуш одамга ўхшаб чинқирар.
  
  
   Одам қушга ўхшаб қийқирар.
  
  
  
  
   1988 йил . Баҳор . Маслахат қишлоғи .
  
  
   Тонгни кутиб
  
  
   Туманлар қоплаган кузги боғлардек,
   Ҳаётим хувиллаб қолдику сизсиз.
   Ёруғ, унутилмас, маъсум чоғлардек,
   Жимжитлик қаърига кетаман изсиз.
  
   Қадрдон дорвоза ва баланд девор,
   Мени тутиб ейди кимсасиз шаҳар.
   Хорғин чироқларга термулиб, бедор,
   Мен сизни эслайман то субҳи саҳар.
  
   Қушлар эгаллайди тонг минбарини,
   Боғларда янграйди жарангдор сайроқ.
   Атлас кўйлагингиз этакларини,
   Тонги шаббодалар қилганда байроқ.
  
  
  
   1991 йил , куз , Маслахат қишлоғи .
  
  
   Баҳор тонги
  
  
   Бўлмаса ҳам дарёда тошлар,
   Синар ойнинг тонги товоғи.
   Ва оҳиста ёриша бошлар,
   Алвон уфқнинг завр қобоғи.
  
   Термуламан боғларга узоқ,
   Ғамлар эрир махзун навода.
   Қайлардадир маърайди бузоқ,
   Пичан хиди сузар ҳавода.
  
   Ойна кўзи очилган кўрдек,
   Тўлиб - тошиб сайрайди майна.
   Гўё тиниқ кўлдаги ўрдак,
   Ғақиллайди топ-тоза ойна.
  
   Сен халинчак учасан ҳамон,
   Ер аталган баҳайбат шарда.
   Деразалар ортида шамол,
   Елкан каби қабарган парда.
  
  
  
   1998 йил . Май . Андижон шаҳри.
  
  
   Ҳайрат
   (Дўстим Асқар Махкам хотирасига)
  
  
   Кофарниҳон кечувларидан,
   Сигир ҳайдаб ўтар болалар.
   Қуёш ботиб, зулмат қаърида,
   Ухлар шудринг тушган далалар.
  
   Лекин менинг икки кўзим кўр,
   Ахир, бундай эмасди дастлаб.
   Бу ёмғирлар нега бунча шўр?
   Осмон бунча кетибди пастлаб?
  
   Нега қалқиб чиқмади кўз ёш,
   Осмонларга боққаним захот?
   Нечун ҳеч ким отмай қўйди тош?
   Махлуқлардан қутилдим нахот?
  
  
  
   7 июль, 2008 йил, кундуз соат 5 : 29.
   Торонто шахри. Канада.
  
  
   Қарғага
  
  
   Қарға, сени тезакхўр десак,
   Ҳафа бўлма, олмагин малол.
   Чунки тезак баъзи одамнинг,
   Луқмасидан минг бора ҳалол.
  
   Қор қоплаган чорбоғларга боқ,
   Кумуш қордан дарахтлар бўрки.
   Қарр! Қарр! десанг туманда шу чоғ,
   Гўзал қишнинг ортади кўрки.
  
   Сени ёмон деган кимсанинг,
   Комиллиги эмасдир яхлит.
   Энг яхши қуш ўзингсан, чунки,
   Булбулларга қилмайсан тақлид.
  
  
   2008 йил, 30 июль, душанба. Тунги соат 2 дан 04 минут ўтди.
   Торонто шаҳри. Канада.
  
  
   Космик муҳожир
  
  
   Биз интилдик осмонга мудом,
   Осмон эса тушибди ерга.
   Унинг сувда чўмилган чоғин,
   Тасвирласа сиғмайди шеърга.
  
   Замин ҳамма нарсадан пастдир,
   Деб ўйлама мафкуранг бузиб.
   Сен пастда деб ўйлаган нарса,
   Юрган маҳал космосда сузиб.
  
   Ракетада учмадим дейсан,
   Қўй, кўксинга урмагил пичоқ.
   Сен осмонавт, Ер эса қадим,
   ҲАҚ яратган баҳайбат учоқ.
  
   Энг қудратли ракеталар ҳам,
   Ўйнолмайди Ер билан пойга.
   Чунки юз йил учса ҳам инсон,
   Борар зўрға бир метр жойга.
  
   Вақти келиб кетар авлодлар,
   Миниб лаппак аробасига.
   Бизни ташлаб она заминнинг,
   Ой ёритган ҳаробасига.
  
   Яшаб ўзга оламлар аро,
   Туманликда гулҳанлар ёқар.
   Ва соғинган сайёрасига,
   Олислардан мунғайиб боқар.
  
  
  
   11 июнь, 2010 йил.
   Кеч соат 5 дан 15 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Бозорда
  
   Қўйимизни сотаётганда ,
   Кўзларимдан чиқиб кетди ёш.
   Мухтожликка лаънатлар ўқиб,
   Қўйбозорда эгиб қолдим бош.
  
   Меҳр билан манглайин силаб,
   Рози бўлгин - дедим мен қўйга.
   Ўша қўйни эслайман хамон,
   Ғарқ бўлганча худудсиз ўйга.
  
   Менку оддий бир қўйни сотиб,
   Мижжам бўлди кўз ёшга тикан,
   Ўз халқини сотганларнинг ҳам ,
   Кўзларидан ёш чиқармикан?
  
  
  
   1989 йил. Андижон.
  
  
  
   Акме
   (Гетега бағишланади)
  
  
   Жимирлайди хазина осмон,
   Осмон 'О' симон.
   Йўқлик рамзи ноль рақамидай.
   'О' симон уммон.
   Унда милтиллайди
   Юлдузларнинг сонсиз увилдириғи.
   Увилдириқлар аро сузар,
   Кўзлари ўйилган,
   Тили кесилган,
   Зулматни ёритган ойнинг калласи.
   Сиз асло қўрқманг,
   Ўзингизни қўлга олинг.
   Сўнг ўзингизни ўзингиз
   Хонага қамаб
   Эшикни занжирлаб
   Тонгача ухланг.
   Тонгда тириклигингизни
   Англамоқ учун
   Деворга осилган
   Кўзгуга кухланг.
   Агар пайдо бўлса кўзгуда ховур,
   Қўни-қўшниларни чақиринг.
   Сўнг уларга:
   -Гаров ўйнайсизларми,
   Мен тирикман! - дея бақиринг.
   Лекин Бахт қушининг тухумидан,
   Қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор.
   Тухумларни бостиринг.
   Очиб чиқса,
   Қирғийлардан қўринг уларни.
   Бахт қушининг жўжалари
   Кўпайиб кетсин.
   Ҳамма бахтли бўлсин Ватанда.
   Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан,
   Ҳафа бўлиб юрмасин шодлик.
   Овқат оч қолмасин,
   Кийим ялонғоч.
   Сувлар чанқамасин.
   Олов совқатмасин қалтираб - қақшаб!
  
  
  
   1993 йил, Маслахат қишлоғи.
  
  
   Ветеран
   (Иккинчи Жаҳон Уруши иштирокчиларига бағишланади)
  
  
   Унинг дил кўзгусин парчалаган ўқ,
   Чил - чил синиб кетган, бўлмайди бутлаб.
   Дўстим, у инсонга қўл чўзиб, ҳеч йўқ,
   Буюк байрам билан қўйсангчи қутлаб.
  
   Мискарнай бўғзида бизга таниш "Вальс",
   Енгил садолари ўйнар ҳавода.
   Қаҳрамоннинг сийрак сочларин бесас,
   Тортқилайди тонги майин шаббода.
  
   Шу кунларда қолган у ёлғиз, йўлсиз,
   Йўқдир унинг бунда тенгдоши, тенги.
   Узоқларга маъюс термулар, қўлсиз,
   Шамолда байроқдай хилпирар енги.
  
  
  
   15 август, 2010 йил.
   Тонг. Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Калишнома
  
  
   О, орқаси йиртилган калиш!
   Кийилавериб маймайиб, ранги ўнгиб,
   Оқшайиб кетган калиш...
  
   Бунча оғзинг катта бўлмаса сенинг?
   Ёки йиғлаяпсанми овозсиз, хўнграб?
   Балки эснаётгандирсан
   Кинначи каби?
  
   Ёки кулаяпсанми менинг устимдан?
  
   Ким билади,
   Балки,
   Қўшиқ айтаётгандирсан
   Бир пайтлар оғзинга кирган
   Оёғимни соғиниб, қўмсаб...
  
  
  
   23 май, 2008 йил.
   Кундуз соат 12 дан 56 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
   Илмоқ
  
  
   Сиз назарга илмайсиз мени,
   Яхшиям илмайсиз
   Илсангиз агар,
   Элу халққа кулгу бўлардик.
  
   Чунки, мен новчаман.
   Назарингиз эса
   Ҳаддан зиёд паст.
  
  
  
   2001 йил, 21 январь, тунги соат 9 дан 21 минут ўтди.
   Ташқарида қор ёғяпти. Маслахат қишлоғи.
  
  
   Куз илҳомлари
  
  
   Воҳ, кузги дарахт шаклида ҳайронани кўрдим,
   Ёлғиз ва ғариб, бир дили вайронани кўрдим.
  
   Жим - жит кўчада ўйнади раққоса шамоллар,
   Чарх урди ҳазон гирвати, парвонани кўрдим.
  
   Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар,
   Ҳижрон тўла дил аксида девонани кўрдим.
  
   Қушлар уясин тутди дарахт шохида, ё, Раб,
   Инларга боқиб ғам тўла паймонани кўрдим.
  
   Заъфар капалаклар каби учганда хазонлар,
   Баргларга кўмилган кўча , остонани кўрдим.
  
   Йўлларга хазонлар тўшади кузги Торонто,
   Боққанча чинор баргига Фарғонани кўрдим.
  
   Қалбимда Худо, Каъбага ўхшайди вужудим,
   Сипқоргали ишқ бодаси - майхонани кўрдим.
  
   Дўст топмади Вулқон бу жаҳон мулкида излаб,
   Ҳар ерда ғаним, вахшати бегонани кўрдим.
  
  
  
   26 октябрь, 2010 йил.
   Тонги соат 7 дан 35 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
   ВАТАН
   (Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевга бағишланади)
  
  
   Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
   Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.
  
   Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
   Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.
  
   Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
   То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.
  
   Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
   Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.
  
   Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
   Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.
  
   Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
   Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
  
  
  
   2004 йил, Маслахат қишлоғи.
  
  
  
   Шавкат Раҳмон ҳотирасига
  
  
   "Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди."
   Шавкат Раҳмон.
  
  
   Хато қилғай деса кимки вабо ўлдирди шоирни,
   Деманг тилло кумуш оҳанрабо ўлдирди шоирни.
  
   Лабинда ғунчадек нозик табассум, қўйнида ҳанжар,
   Бахил, қалби қаро "дўст - ақрабо" ўлдирди шоирни.
  
   Яёв ёлғиз кезаркан бир ўзи ойдин чаманларда,
   Саҳар ғир -ғир эсиб ўтган сабо ўлдирди шоирни.
  
   Муҳаббат дардига топмай даво, шеър ёзди у бедор,
   Кийиб гулгун қабо нозик адо ўлдирди шоирни.
  
   Келиб кўклам, чақин чақнаб, чопиб ёмғир аро шодон,
   Шалоббо кўйлаги бир дилрабо ўлдирди шоирни.
  
   Хазонлар рақсига термултириб бўм - бўш хиёбонлар,
   Самода турналар айтган видо ўлдирди шоирни.
  
   Ялонғоч дов дарахтлар беркиниб сокин туманларга,
   Хазонли боғдаги шарму ҳаё ўлдирди шоирни.
  
   Назм бўстонига келтирди соф муздек ҳаволарким,
   Бу не қисмат, қаранг, охир ҳаво ўлдирди шоирни.
  
  
  
   05/08/2015 йил.
   Кечки соат 6 дан 36 дақиқа ўтди.
   Канада.
  
  
  
   Фарид Усмонга
  
   Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,
   Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.
  
   Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,
   Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.
  
   Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,
   Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.
  
   Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,
   Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.
  
   Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,
   Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.
  
  
  
   16/06/2016.
   Кеч соат 8:02.
   Канада.
  
  
   Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим
  
  
   Эй Ватан номли чинор, шохингда бир япроғ эдим,
   Боғдаги маҳзун шамоллар шаштида титроқ эдим.
  
   Зохиран мискин фақир, бир четда юрдим ҳоксор,
   Лек кўнгил отлиғ жаҳонда ҳокими мутлоқ эдим.
  
   Катта йўлдан нурли манзиллар тамон шошганда эл,
   Ўт -ўлан ичра кўринмас кимсасиз сўқмоқ эдим.
  
   Пахтадек оппоқ булутларга қараб гоҳ йиғладим,
   Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим.
  
   Ўтса ой хорғин сузиб сокин дарахтзорлар тамон,
   Шеър битиб ойдинда тунлар то саҳар уйғоқ эдим.
  
   Кунботар ёқларда соҳил қушлари шовқин солиб,
   Кўкка тўлқин сапчиган тош қояли қирғоқ эдим.
  
   Топтадинг, тешди оёғингни тиконлар, эй ғаним,
   Чунки мен тошларни ёрган ям -яшил янтоқ эдим.
  
   Ишқида ўртаб вужудим, ўрлади бўғзимга ўт,
   Кеча кундуз Ҳақ Таоло васлига муштоқ эдим.
  
   Йиғламанг кўз ёш тўкиб, ҳаргиз мозорим устида,
   Қўйдилар тупроққа жисмим, мен ахир тупроқ эдим.
  
  
  
   07/11/2016.
   Кундуз соат 1 дан 47 дақиқа ўтди.
   Канада, Онтерио.
  
  
  
   Аё соқий
   (Ҳофиз Шерозий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
  
  
   Юзин кўргим келур ҳар он, бу ҳижрон лаҳзаси йиллар,
   Фироқ саҳросида қийнаб, кўзимга тортадир миллар,
   Азобим юкласам ногох, чидолмай чинқирар филлар,
   Аё соқий суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар,
   Кўрунди аввал ишқ осону сўнгра тушди мушкуллар.
  
  
   Вужудим риштасиига тим қаро соч толасии бандким,
   Лабиининг болидин шармандадир новвот ила қандким,
   Жунун саҳросида чеккан азобим Қайс учун пандким,
   Сабо ечмоқчи бўлган соочининг хушбўйига онтким,
   Муанбар халқа - халқа соочидин қон бўлди бу диллар.
  
  
   Муҳаббат розинии дилбар келиб сирри ниҳон айтса,
   Қулоғимга пичирлаб, жилмайиб ширин сухон айтса,
   Ғаним кўз ёшига чўккай чекиб оху фиғон, айтса,
   Ботир сажжодании майга агар пири муғон айтса,
   Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.
  
  
   Санам мужгонидан пайкон келиб санчилса гар бир дам,
   Жигар садпоралар бўлғай беролмас ҳеч киши ёрдам,
   Магар ҳозиқ табибим ёр, тирилгай сўзласа мурдам,
   Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
   Қилуркан қўнғироқ фарёод, боғланг юкни ғофиллар.
  
  
   Аё эй дил тилаб васлин ютарсан қон ила зардоб,
   Қўяр жонинга ўт дилбар кийиб қирмиз қабо зарбоб,
   Бу йўлга кирма деб огоҳ этибдур ишқ элин арбоб,
   Қоронғудир кеча қўрқинчли мавж, дахшатлидир гирдоб,
   На билғай ҳолимизни четда турган юуки енгиллар.
  
  
   Фалакнинг чархи каж , ундан мурувват кутма, эй Ҳофиз,
   Заминнии титратиб Вулқон каби қон ютма, эй Ҳофиз
   Кезиб саҳро биёбонлар аро йўл тутма, эй Ҳофиз,
   Агар васл истасанг ундан узоққа кетма, эй Ҳофиз,
   Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.
  
  
  
   23 май, 2010 йил.
   Тунги соат 12 дан 45 минут ўтди.
   Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
   Мен диёру ёрисиз
   ( Пири устодимиз ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига муҳаммас )
  
  
   Масжидим майхона ҳар дам кўзлари ҳуммоорсиз.
   Шуълалар янглиғ майин, ҳуш, бўйи гул аттоорсиз,
   Бепоён саҳрода қолдим кулбаю девоорсиз,
   Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёорсиз,
   Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзоорсиз.
  
   Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?
   Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.
   Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,
   Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
   Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсоорсиз.
  
   Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,
   Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,
   Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман,
   Тонг эмасдур, гар диёру ёоорисиз озурдаман,
   Ким эмас булбул, гулу гулзоорсиз, озоорсиз.
  
   Чўғ каби алвон лабингдин сачрагай қонимға ўт,
   Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,
   Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт,
   Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,
   Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.
  
   Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,
   Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,
   Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча,
   Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
   Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадах зунноорсиз.
  
   Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон,
   Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,
   Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,
   Топмадуқ гул ранги жоми бехумор эй бооғбон,
   Вахки бу гулшан аро гул бутмас эрмуш хоорсиз.
  
   Бу кеча ой нуридан бўлмиш чароғон соғу сўл,
   Навбаҳор оқшоми сокин, яшнагай саҳрою чўл,
   Қақраган даштлар аро Вулқон ҳаёт дарёси бўл,
   Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл,
   Вақтингизни хуш тутинг эй жаъмиким хуммоорсиз.
  
  
  
   9 март, 2009 йил.
   Кундуз соат 4:45.
   Торонто шаҳри.
  
  
   Яхшилиғ
   ( Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалига
   Холдор Вулқон муҳаммаси )
  
  
   Кутма ўзни фил атаб юрган қуёндин яхшилиғ,
   Кўрмамиш олам эли, касби зиёндин яхшилиғ.
   Етмағай инсонга ҳеч қурту чаёндин яхшилиғ,
   Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
   Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ .
  
   Аҳли диллар ўртанур зулматда ҳар он, ҳар дақиқ,
   Жилмаяр пойгакда дониш, заъфарон, рўйи ақиқ,
   Бошига тушганда кулфат бўлмади даврон шафиқ,
   Бу замонни наафъий қилсам, аайб қилма, эй рафиқ,
   Кўрмадим ҳаргиз нетойин, бу замондан яхшилиғ.
  
   Кимсасиз ойдин сукунат тўлди махзун кўнглима,
   Гоҳи бургут қоя ошён бўлди махзун кўнглима,
   Бепоён, дарвеш шамоллар елди махзун кўнглима,
   Дилраболардин ёмонлиғ келди махзун кўнглима,
   Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
  
   Яхшиларга чох қазиб гоҳ отмагил тўфангу тўп,
   Сен аларнинг гарди пойин кўзга сурт, ардоқла, ўп,
   Телба, довдир кимсалардек чопмагин қўлларда чўп,
   Эй кўнгил, чун яхшидин кўрдинг ёмонлиғ асру кўп,
   Эмди кўз тутмак не маъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
  
   Ғам ема қўзғолса бошинг устида тўфони Нўҳ,
   Ўксима гардун йўлинга гул эмас, сочганда чўғ,
   Жилмайиб бошинг баланд тут, отсалар кўксинга ўқ,
   Бори элға яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,
   Ким, дегайлар, даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
  
   Порласин кўксингда, Вулқон, ботининг зохир каби,
   Бодаи раҳматни дилда сақлағил чоғир каби,
   Наъра тортсанг титрагай ер гоҳ замон охир каби,
   Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур каби,
   Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
  
  
  
  
   22 май, 2010 йил.
   Кундуз соат 5 дан 43 минут ўтди. Торонто шаҳри, Канада.
 Ваша оценка:

Связаться с программистом сайта.

Новые книги авторов СИ, вышедшие из печати:
Э.Бланк "Межзвездный мезальянс. Право на ошибку" С.Ролдугина "Кофейные истории" Л.Каури "Стрекоза для покойника" А.Сокол "Первый ученик" К.Вран "Поступь инферно" Е.Смолина "Одинокий фонарь" Л.Черникова "Невеста принца и волшебные бабочки" Н.Яблочкова "О боже, какие мужчины! Знакомство" В.Южная "Тебя уволят, детка!" А.Федотовская "Лучшая роль для принцессы" В.Прягин "Волнолом"

Как попасть в этoт список
Сайт - "Художники" .. || .. Доска об'явлений "Книги"